Самарқанд туманида нечта хонадон табиий газ билан таъминланган?

Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгашининг навбатдаги қирқ олтинчи сессиясида шу ҳақда маълумот берилди.

Дастлаб, депутатлар сессия котиби тасдиқланиб, кун тартибидаги масалалар муҳокамасига киришди. Сессияни Кенгаш раиси, туман ҳокими Н.Мавлонов олиб борди.

Таъкидланганидек, Самарқанд туманида 7 та ГТС лар орқали 22 минг 218 та хонадон ҳамда 319 та улгуржи истеъмолчилар табиий газ билан таъминланган. Хўш, ушбу хонадонларга қайси газ тармоғи орқали табиий газ етиб боради?

Қайд этиш лозим, Тойлоқ туманининг Қўрғонча маҳалласида жойлашган  “Тойлоқ-1” ГТС туманни 2-секторидаги аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларига ва Самарқанд шаҳар Кафтархона маҳалласи аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларига табиий газ етказиб беради.

Самарқанд туманининг Навбоғ маҳалласида жойлашган  “Самарқанд-6” ҳамда “Самарқанд-1” ГТСлари туманни 3-секторидаги аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларига табиий газ етказиб беради.

Самарқанд туманининг Янгиобод маҳалласида жойлашган “Шимолий” ГТС туманни 3-секторига карашли Янгиобод, Ўзбеккенти ва Қорасув маҳалалари аҳолиси ва улгуржи истеъмолчиларига табиий газ етказиб беради.

Оқдарё ГТС орқали тумандаги Конигил маҳалласининг 160 та хонадони, “Самарқанд-2” ГТС орқали 3-сектор ва 1-сектордаги аҳоли ҳамда улгуржи истеъмолчилари табиий газ билан таъминланади.

“Самарқандтумангаз” газ таъминоти бўлимида табиий газ ва суюлтирилган газ маҳсулотини аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларга етказиб бериш ва хизмат кўрсатиш учун жами 75 нафар ходим фаолият олиб боради. Тумандаги 1-секторга қарашли аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларни 2021-2022 йиллар куз-қиш мавсумига бир маромда табиий газ билан таъминлаш, газ босимини яхшилаш мақсадида Кимёгарлар кўрғонидаги саноат тугунига уланган 219 мм ли газ қувури ҳозирги кунда саноат тугунидан чиқарилиб, 100 метр олдиндан улаш ишлари олиб борилмоқда.

Самарқанд туманида табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш мақсадида жами аҳоли хонадонларига  21 минг 500 дона замонавий электрон газ ҳисоблаш асбоби ўрнатиш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда 4323 дона ҳисоблагич ўрнатилди.

Шу ўринда аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш борасидаги ишларга ҳам тўхталсам.

Самарқанд туманида 60 та маҳалла 31 минг 541 та хонадон белгиланган жадвал асосида суюлтирилган газ билан таъминланиб келинмоқда. Жорий йилнинг январ-ноябр ойларида 4269,31 тонна лимит ажратилган бўлиб, шу кунга қадар 4482,77 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди.

Ҳар бир газ баллони меъёр бўйича 20 килограмдан белгиланган бўлиб, нархи 22 минг 400 сўмни ташкил қилади. Мавсум бошидан буён аҳолига ижара ҳисобига 26 минг 949 та газ баллонлари етказиб берилган. Бундан ташқари аҳоли ўз маблағлари ҳисобидан 13 минг 463 та газ баллонлар сотиб олган.

Сессияда депутатлар соҳага алоқадар саволларга тегишли жавоб олишди. Шунингдек, Самарқанд тумани Электр таъминоти корхонаси директори А.Шукуров ҳамда "Самарқанд сув таъминоти" масъулияти чекланган жамияти Самарқанд туман филиали бошлиғи А.Файзиқуловларнинг ҳисоботлари тингланди.

Бундан ташқари Самарқанд туман Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Ф.Усмоновнинг "Маҳаллий буджет прогноз кўрсаткичлари бажарилишини таъминлаш, ҳудуднинг иқтисодий ўсиш нуқталарини инобатга олган ҳолда қўшимча манбаларни аниқлаш, солиқ қарзларини қисқартириш, ортиқча тўловларга йўл қўймаслик бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида"ги ҳисоботи эшитилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021-йил 3-февралдаги “2017-2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили"да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги ПФ-6155-сонли Фармони ижроси юзасидан Самарқанд тумани Тадбиркорликка кўмаклашиш маркази директори Н.Бердиевнинг ҳисоботи, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021-йил 2-апрелдаги ПҚ-5048-сонли “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида 2021-йил 24- март куни кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор мажлисининг 16-сонли баёнининг 7-бандини ижросини таъминлаш юзасидан тумандаги сектор раҳбарлари томонидан ягона онлайн тизимига маълумотларни киритилиши юзасидан қилинган ишлари ҳақида Самарқанд туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникасиялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари А.Исломов, Самарқанд туман Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Ж.Саидов ҳамда Самарқанд тумани Йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси бошлиғи С.Алиевларнинг ҳисоботлари эшитилилди.

Сессияда тегишли қарорлар қабул қилинди.

2015-2024 © GOVERNMENT OF DISTRICT. Maked by: SAKTRM