Туманда охирги бир йилда 52 та янги мактабгача таълим муассасалари очилди

Бугун мактабгача таълимда ўзгаришлар кўп бўлмоқда. Шу жумладан, Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманида ҳам. Туманда охирги бир йилда 52 та янги МТМ очилди. Уларнинг 6 таси давлат, 6 таси хусусий, 40 таси оилавий мактабгача таълим муассасаларидир. Атиги бир йил олдин туманда 33 та МТМ фаолият юритган бўлиб, бу муассасаларда 3862 нафар болалар таълим-тарбия олган. Бугун, бир йил ўтиб мактабгача таълим муассасаларига 7053 нафар болалар қамраб олинди. Шу тарзда ҳудудда боғчаларга болалар қамрови бир йил ичида 16 фоиздан 32,7 фоизга кўтарилди.

Йил якунига қадар тумандаги 11-,12-,15-,17-,31-мактабгача таълим муассасаларининг қайта қурилиши, инвестиция дастури доирасида 2 та, маҳаллий бюджет ҳисобидан 1 та МТМ ташкил этилиши, муассасалардаги мавжуд таъмирталаб 12 та гуруҳ хоналарининг таъмирланиши, 30 та оилавий, 5 та давлат ва хусусий шерикчилик, 15 та нодавлат мактабгача таълим муассасасини ташкил этиш орқали яна4890 нафар болалар мазкур муассасаларга жалб қилиниб, қамров фоизи 52.1 га етказилиши режалаштирилган.

Гап фақат қамровни ошириш эмас, шу билан бирга болаларнинг ақлий, жисмоний салоҳиятини ошириб боришга қаратилади. Бунинг учун эса алоҳида дастурларимиз бор. Мисол учун, боланинг ақлий салоҳиятини ошириб боришда тарбиячиларнинг малакаси юқори бўлиши лозим. Шу мақсадда тарбиячилар иштирокида ҳам турли ўқув семинарлар ўтказиб борилади. Жорий йилнинг январь-февраль ойларида педагог-психологлар томонидан ўтказилган «Таълим жараёнини индивидуаллаштириш», «Бола тараққиётида илк таълимнинг ўрни», «Мактабгача таълим муассасаларида давлат талабларининг бажарилиши ва уни назорат қилиш» мавзуларида семинар-тренинглар шулар жумласидан.

Ҳукумат қарорлари ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга асосан доимий равишда тумандаги барча МТМларда ота-оналар ҳамда кузатув кенгаши иштирокида очиқ машғулот ва турли бошқа тадбирлар бўлиб ўтади. Бундай машғулотлар орқали энг аввало тарбиячилар билим даражаси, изланувчанлиги, фаоллиги назорат қилинади.

Мактабгача таълим вазирининг 2018 йил 6 декабрда «Мактабгача таълим муассасаларининг Кузатув кенгашлари фаолиятини ташкил қилиш ҳақида»ги буйруғи билан ота-оналар ва жамоатчиликдан иборат Кузатув кенгашлари ташкил этилиб, улар тизимни назорат қилиб бормоқда.

Бундан ташқари тумандаги таянч мактабгача таълим муассасаларида «Илк ва мактабгача таълим ёшидаги болаларни ривожланишига қўйиладиган давлат талаблари ва «Илк қадам» Давлат дастури асосида мактабгача таълим муассасасида таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш» мавзусида ўқув-амалий семинар-тренинглар ташкил этилди.

Муассасалар тарбиячи ва тарбияланувчилари туман ва вилоят миқёсидаги барча тадбирларда фаол иштирок этиб, қатор фахрий ёрлиқлар олиб келмоқда.  Мактабгача таълим вазирининг «Йилнинг энг яхши тарбиячиси» касбий-кўрик танловини ўтказиш тўғрисидаги Низомини тасдиқлаш ҳақидаги буйруғи ижроси юзасидан туманда «Йилнинг энг яхши тарбиячиси» касбий-кўрик танловининг туман босқичи юқори савияда ўтказилди. Тарбияланувчиларимиздан Жаъфар Норқулов шахмат бўйича республика мусобақасида иштирок этиб «Энг ёш иштирокчи» номига сазовор бўлди.

Жорий йилнинг шу кунига қадар яна бир қатор мактабгача таълим муассасалари очилди. Жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида барча қулайликларга эга бўлган «Дилнура-Ангелина» номли нодавлат мактабгача таълим муассасаси очилди. Муассасада 100 нафар болаларни тарбиялаш режалаштирилган бўлиб, шундан 25 нафарини ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларнинг фарзандлари ташкил этади. Бу муассаса тадбиркор Санъат Ғаффоров томонидан 2018 йилнинг июль ойида банкдан 2,1 миллиард сўм имтиёзли кредит маблағлари олиниб, қаровсиз ётган ер майдонида қурилиш ишлари бошланган эди.

Чиройли бино, малакали мутахассислар жамоаси, замонавий техника воситалари ва жиҳозлар билан таъминланган ўқув хоналари, алоҳида ошхона, сайр қилиш учун боғ, ўйин аттракционлари, сузиш ҳавзаси, жонли бурчак барчаси болажонлар хизматида.

Шунингдек, туманнинг Янгижой маҳалласида туман ҳокими Шуҳрат Жамолов ташаббуси ва ҳомий ташкилотлар ёрдамида барча қулайликларга эга 75 ўринли 39-сонли давлат мактабгача таълим муассасаси ташкил этилди.

Қолаверса, вилоят ҳокими фармойишига асосан Самарқанд туманидаги барча мактабгача таълим муассасаларига мебель ва идиш-товоқлар олиш учун 360 миллион сўм маблағ ажратилди.

Бир сўз билан айтганда, болаларнинг ҳар томонлама етук инсон бўлиб улғайишлари, Ўзбекистон Республикасида белгиланган Мактабгача ёшдаги болалар таълим-тарбиясига қўйиладиган Давлат талаблари ижросини бажариш учун муассасада барча имкониятлар яратилган.

Дилфуза АЗИЗОВА, Самарқанд туман Мактабгача таълим бўлими мудири

Манба: kun.uz

2015-2024 © GOVERNMENT OF DISTRICT. Maked by: SAKTRM