“Ҳар бир мурожаатнинг замирида инсон тақдири бор”

Навбатдаги сайёр қабулда Хишрав маҳалласидан келган Дилбарой Олимова “олти ойдан бери қайнонам уй-жойига эгалик қарори чиқара олмаяпти, ўзлари эса келолмайди, саломатлиги бироз оғирлашган”, деб йиғлаб юборди.

Д.Олимова томонидан тақдим қилинган уй-жой ҳужжатлари шу ернинг ўзида кўриб чиқилди. Олимова тегишли ташкилот раҳбарларининг масъулиятсизлиги туфайли сарсон бўлиб юргани учун мутасаддилар огоҳлантирилди. Дарҳол унинг қайнонаси учун ўз уйига эгалик ҳуқуқини берувчи қарор қабул қилинди.

- Маҳалламизнинг йўли қишда лой, ёзда чанг бўлиб кетади, - деди Пулимуғоб маҳалласида яшовчи Робия Сулаймонова туман ҳокимига мурожаат қилиб. – Тўғри, қилинаётган ҳар бир ўзгариш босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Келгусида маҳалламиз кўчаларига ҳам асфальт ётқизилишида умидимиз катта. Аммо айни кунда кўчаларимизга тош-шағал ётқизилишига ёрдам қилинг.

Мурожаатчининг эътирози ўрганилиб, шу куннинг ўзида маҳалла кўчасига тош-шағал ётқизилди.

-Ҳар бир мурожаатнинг замирида инсон тақдири бор, - деди туман ҳокими Н.Мавлонов. ­– Халқимиз бу ­- оила аъзоларимиз. Оила аъзоларимизга қандай муносабатда бўлсак, халқимизга ҳам шундай муносабатда бўлишимиз шарт. Шундай экан, аҳолининг эътироз ва таклифлари эътибордан четда қолиши керак эмас. Унинг ижросини ҳар бир раҳбар виждонан адо этмоғи лозим.

Қабулда фақаролар томонидан уй-жой билан таъминлаш, электр энергияси, моддий ёрдам, ер ажратиш масаласи каби 45 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг аксарияти жойида ҳал этилган бўлса, қолганларига муддат белгиланди.

Ҳамма нарсада тошу-тарозу бор деганларидек, фуқаролар томонидан билдирилган эътирозларнинг айримлари қонунга хилоф бўлганлиги учун рад этилди.

2015-2024 © GOVERNMENT OF DISTRICT. Maked by: SAKTRM