Турдимов Самарқанддаги давлат идоралари ва маъмурий хизматлар Гулобод қўрғонига қачон кўчирилиши ҳақида маълум қилди

Вилоят ҳокими мурожаатномада аҳолини уй-жой билан таъминлаш, уларнинг яшаш шароитларини яхшилаш бўйича қилинаётган ишларга алоҳида тўхталди.

"Жорий йилда вилоят бўйича "Қишлоққурилиш", "Шаҳарқурилиш" ва хусусий қурилиш ташкилотлари томонидан 167 та 8 минг 557 хонадонли кўп қаватли квартиралар қурилиб, фойдаланишга топширилди, - деди Э.Турдимов. - Шунингдек, жорий йилда чин етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган 99 нафар бола уй-жой билан таъминланди.

2022 йилда ҳам вилоятнинг шаҳар ва туманларида субсидия асосида 4 минг 500 хонадонли кўп қаватли уй-жойлар қурилиши мўлжалланган.

Яқин икки йил ичида “Реновация” дастури асосида Самарқанд шаҳрининг Темир йўл орти ҳудудида 100 мингдан ортиқ аҳоли учун кўп қаватли замонавий уйлар ҳамда Ширин массивида 90 минг нафар аҳолига мўлжалланган янги шаҳарча барпо этилиши бўйича амалий ишлар бошлаб юборилди.

Самарқанд шаҳрини яшаш учун қулай ва жозибадор “миллионли яшил шаҳар”га айлантириш учун Самарқанд, Паст Дарғом, Оқдарё ва Тойлоқ туманлари ҳудудидан 18 минг гектар майдонлар шаҳар таркибига қўшилмоқда".

Шунингдек, ҳоким Самарқанд шаҳридаги давлат идоралари ва маъмурий хизматларни тарихий марказдан янги ҳудуд - Гулобод қўрғонига кўчирилиши ҳақида тўхталиб, келгуси йилдан айрим ташкилотлар кўчирилиб бошланишини маълум қилди.

2015-2024 © Samarqand tuman hokimligi. Sayt yaratuvchisi: SAKTRM