ЁШЛАР ТАРБИЯСИ ҲАММАНИНГ ИШИ

Айрим фуқароларимизнинг ишлаш мақсадида хорижий мамлакатларга бориб, тайин ишнинг бошини тута олмасдан, сарсон-саргардонликда юрган ҳолатларига кўпчилигимиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Минг афсуски, ҳалол ризқ илинжида ўзга юртга борган ана шундай ватандошларимиз аксарият ҳолларда диний ақидапарастлар, ҳар хил террористик гуруҳларнинг тўрига илиниб қолаётгани ачинарлидир. Шундай бадниятларнинг алдовларига дунёқараши шаклланмаган, диний тушунчага мутлақо эга бўлмаган айрим ёшларимиз ҳам ишониб қолаётгани янада аянчлидир. Равонак маҳалласида жойлашган 2-маданият ва аҳоли дам олиш маркази биносида бўлиб ўтган давра суҳбатида шу ҳақда сўз юритилди.

Туман ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган ушбу тадбирда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, нуронийлар, кенг жамоатчилик вакиллари, маҳаллаларнинг фаоллари, имом-хатиблар ҳамда ёшлар иштирок этди. Унда сўзга чиққан туман ҳокимининг ўринбосари Азамат Ҳалимов, Равонак жомеъ масжидининг имом-хатиби муовини Бахтиёр Насруллоев, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман Кенгаши раиси Мадина Баратова ва бошқалар ижтимоий тармоқлар ва бошқа воситалар орқали ёшлар онгу тафаккурини заҳарлаш, уларнинг шуурига турли ёт ғояларни сингдиришга бўлган ҳаракат, таҳдидлар ҳар қачонгидан ортиб бораётганини таъкидлашди. Бунинг таъсирида ҳали ҳаётий қарашлари тўкис шаклланиб улгурмаган ёшлар турли ғайриқонуний ташкилотларга аъзо бўлиб, турли жиноят ва хунрезликларга қўл ураётгани қайд этилди. Шу боис ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб этиш, таълим-тарбия масаласида жамоатчилик назоратини янада ошириш лозимлиги тарғиб этилди.
- Ислом дини покликни улуғловчи, миллати, дини ва жинсидан қатъи назар, инсонлар орасида меҳр-оқибатни, раҳмлиликни, тинчлик ва осойишталикни асраб-авайлашни тарғиб этувчи диндир, - дейди Равонак жомеъ масжидининг имом-хатиби муовини Бахтиёр Насруллоев. - Афсуски, бугун уни нотўғри талқин қилиб, у билан ниқобланиб, турли хунрезликларни амалга оширишга чоғланган нокаслар ҳам борлиги ҳақиқат. Уларнинг асосан, ёшлар ва аёлларни ўзларининг қуролига айлантиришга интилиши сизу бизни сергакликка, фарзандларимизнинг ҳар қадамидан огоҳ бўлишга ундайди. Уларнинг таълим-тарбияси, ўзини тутиши, интернет ва кўп функцияли алоқа воситаларидан фойдаланишидан хабардор бўлиб туришимиз лозим. Аввало, бола-чақам деб хорижга йўл олаётган фуқароларимизни ҳам ана шундай таҳдидлардан огоҳ этишимиз барчамизнинг бурчимиз эканлигини унутмайлик.
Тадбирда ҳар хил диний оқимларнинг таъсирига тушиб, тақдири аянчли кечган баъзи фуқаролар ҳаётидан ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильм намойиш этилди. Шундан сўнг, ёшлар мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
Давра суҳбати якунида йигирма нафардан ортиқ ёшларга биринчи марта биометрик паспортлари тантанали равишда топширилди. Келгусида худди шундай тадбирларни янада кўпроқ ўтказишга келишиб олинди.

Манба: http://www.gulobodtongi.uz

2015-2024 © Samarqand tuman hokimligi. Sayt yaratuvchisi: SAKTRM