Давлат солиқ қўмитаси: ҚҚС ставкасини 20 фоиздан 15 фоизга пасайтириш чоралари кўрилмоқда

Ўзбекистон ҳукумати қўшилган қиймат солиғи ставкасини 20 фоиздан 15 фоизга пасайтириш чораларини кўради, деб хабар беради Давлат солиқ қўмитаси.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2019 йил 11 сентябрь куни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш ҳамда давлат бюджетига кафолатланган тушумларни таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида шундай топшириқ берилган эди.

Жорий “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”даги мисли кўрилмаган мазкур қадам нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиё минтақасида ҳам инвестиция ва иқтисодий ўсишнинг асосий омили бўлиши лозим.

ҚҚС ставкасининг пасайтирилиши солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясини ишлаб чиқишда бўлгани каби бугунги сиёсий ва иқтисодий қарорларда ҳам жамоатчиликнинг фикри инобатга олинаётганининг ёрқин ифодасидир.

Албатта, солиқ тизимидаги бу ҳаракат давлат учун ихтиёрий ва оғир қадам бўлади, чунки бюджетга солиқ тушумларининг учдан бир қисми ҚҚС ҳисобига таъминланади, дейилади Қўмита хабарида.

Аммо давлат бюджети даромадларининг қисқариши хавфига қарамай, солиқ юкини камайтириш ва мамлакатда тадбиркорликни ривожлантиришга устувор аҳамият берилди.

ҚҚС ставкасининг 15 фоизга пасайтирилиши пул-кредит сиёсатининг юмшатилиши ва Ўзбекистон бозорида нархларнинг барқарорлашуви белгисидир.

Маълумки, амалдаги 20 фоизлик солиқ ставкаси 2000 йилда ўрнатилган ва сўнгги 19 йил ичида қайта кўриб чиқилмаган.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон 2008 йилдаги глобал молиявий инқироздан кейин ҚҚС ставкасини сезиларли даражада пасайтиришга эришган биринчи мамлакат бўлди (25 %).

ҚҚС ставкасини пасайтириш бўйича кўрилаётган чоралар солиқ юкини камайтиради ва солиқ тўловчилар ихтиёрида 10 трлн. сўм қолишига имкон беради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳаси эълон қилинганди. Унга мувофиқ, 2020 йилдан бошлаб бизнес субъектлари асосий воситаларни бир марталикҳисобг а олиш ва ҚҚС бўйича ортиқча миқдорни қайтариш ҳуқуқига эга бўлади. Бу эса ўз навбатида, иқтисодиётдаги бўш пул маблағлари айланмасини 1,5 трлн. сўмга ошишига олиб келади.

ДСҚ Матбуот хизмати

 

 

2015-2024 © Samarqand tuman hokimligi. Sayt yaratuvchisi: SAKTRM