Самарқанд туманида балиқ маҳсулоти етиштириш такомиллашмоқда

Бу ҳақда журналист ва блогерларга навбатдаги пресс-тур давомида кенг маълумот берилди.

Пресс-тур қатнашчилари дастлаб Самарқанд туманидаги “Луқмаи ҳалол балиқчилиги” МЧЖ томонидан табиий ва интенсив усулда балиқ етитирилиши, корхона имкониятлари ва келгуси режалари билан яқиндан танишдилар.

Таъкидландики, “Луқмаи ҳалол балиқчилиги” МЧЖ томонидан 10 гектар ер майдонида балиқ маҳсулотлари  етиштирилмоқда. Мавжуд 5 гектар сув ҳавзасида жорий йилнинг ўтган даври давомида 30 тоннадан зиёд сифатли  балиқ маҳсулотлари ички истеъмол бозорига етказиб берилган.

Шунингдек, журналист ва блогерлар тумандаги “Оқ Амур балиқлари” кўп тармоқли фермер хўжалиги қошида балиқ маҳсулотлари етиштириш борасидаги тадбирлар билан танишишди.

Бу ерда балиқ чавоқлари етиштириш учун лабораторияда яратилган шароитлар, интенсив усулда балиқ етиштириш имкониятлари ҳақида маълумот берилди. Келтирилишича, мавжуд 105 гектар ер майдонининг 22 гектарида сув ҳавзалари ташкил этилган бўлиб, жорий йилнинг ўтган даври давомида 60 тонна балиқ маҳсулотлари етиштирилган. Йил охирига қадар яна 35-40 тонна маҳсулот аҳоли дастурхонига етказиб берилиши борасида тадбирлар амалга оширилмоқда.

Яна бир гап. Мазкур кўп тармоқли фермер хўжалиги томонидан вилоятдаги балиқчилик йўналишидаги корхоналар учун сазан, дўнгпешона, оқ амур, зоғора сингари ўнлаб турдаги балиқ чавоқлари маҳсус лаборатория орқали кўпайтирилиб, етказиб берилиши йўлга қўйилган.

Пресс-тур иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан тўлиқ жавоб олишди.

2015-2024 © Хокимият Самаркандского района. Разработан в: SAKTRM