Туман ҳокими билан бир кун

Туманимизда таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, аҳоли муаммоларни тизимли равишда ўрганиб, уларни ижобий ҳал этиш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу борада туман ҳокимлиги томонидан Президентимиз томонидан қабул қилинган қарор ва фармонларнинг ижросини таъминлаш, белгиланган аниқ вазифаларни амалга ошириш бўйича ҳам қатор ишлар қилинмоқда. Айни шундай ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш мақсадида бир кун давомида туман ҳокими Шуҳрат Жамолов ёнида бўлдик. Дастлабки тадбир 16-умумтаълим мактабида бўлди...

 

ЮЗ ЙИЛЛИККА - ЮЗ 
МИЛЛИОН СЎМ
Айни пайтда масъул раҳбарларнинг таълим муассасаларига китоб совға қилиши анъанага айланган. Туман ҳокими Шуҳрат Жамолов Ўрташиқ маҳалласида жойлашган 16-умумтаълим мактабига 50 нусха ўзбек, рус ва тожик тилларида нашр этилган турли хил бадиий адабиётларни олиб келди. Мактаб кутубхонасида тақдимот маросими бўлиб ўтди.
– Китоб - ақл-идрок, кенг дунёқараш яратувчисидир, - деди Шуҳрат Ўроқович. - Эндиликда биз китобсиз яшашимиз, маънавиятсизликка қарши курашишимиз, қувонишимизу гўзал истиқбол томон ишонч билан боришимиз амри маҳол. Муҳтарам Юртбошимиз ҳар бир маърузаларида билим манбаи - китобни севиш, маънавий куч олиш, тафаккур ва ақлий камолотга етиш тўғрисида гапириб ўтадилар. Чунки, мунтазам ўқиш - энг яхши таълим. Китоб инсонга қанот бағишлар экан, доимо мулотаага берилиб, ундан ҳузур-ҳаловат олиш лозим.
Шундан сўнг, юқори синф ўқувчилари ҳам китобнинг бебаҳолиги, қадр-қимматини улуғлаб алломаларнинг ҳикматли сўзларидан намуналар келтириб, шеърлар айтиб беришди. Дарҳақиқат, жорий йил мактабнинг қурилиб, халқ фарзандлари ўқиб, камолга етаётганига юз йил тўлади. Мактабда юбилейга тайёргарлик қизғин, қурилиш ва бунёдкорлик ишларини олиб бориш режалаштирилган. Туман ҳокими юбилей муносабати билан қурилиш ва бунёдкорлик ишлари, таълим-тарбия сифат ва самарадорлигини ошириш учун 100 миллион сўм мактаб ҳисобига ўтказиб берилишини маълум қилди. Хайрли ишлар шу билан якунланмайди. Юз йил давомида шу таълим муассасасини битирган собиқ ўқувчилар мактаб кутубхонасини бойитишни ўз зиммаларига олишди.
ҚАНДАЙ МУАММО,
ҚУЛОҒИМИЗ СИЗДА!
Шу куни Гулобод қўрғонидаги Халқ қабулхонасида туман ҳокимининг сайёр қабули бўлиб ўтди.
Турли масалалар билан 35 нафар фуқаро ҳоким қабулига келишди. Мисол учун Хожа Аҳрори Валий маҳалласи фуқароси Суҳроб Аҳмедов тоғ ҳудудидан ер олиб, боғ яратиш истагини билдирди. Таклиф қўллаб-қувватланди. Заҳлик маҳалласида истиқомат қилувчи Латофат Сулаймонова турли йўналишлардаги бешта муаммосини айтиб, бирма-бир ҳокимга маълум қилди. Туман раҳбари уларни диққат билан тинглаб, ўз жойида ижобий ҳал этилишига кўмаклашди. Урганжи махалласида яшовчи Дилноза Азимова касб-ҳунар коллежини битириб бугунги кунгача ҳеч қаерда ишламаслиги ва икки нафар фарзандини болалар боғчасига топширишга қийналиб қолганини билдирди. Ушбу масала ҳам ўзининг ижобий ечимини топди.
- Кўмакка муҳтож бўлиб, кимнингдир ёрдамини кутиб туришдан кўра оғирроқ дард йўқ. Айниқса, бу фарзандинг билан боғлиқ бўлса янада оғирроқ, - дейди Дилноза Азимова. - Мана бугунга қадар моддий имкониятим етишмаганлиги боис икки фарзандимни МТМга беролмай келаётгандим. Ҳокимнинг сайёр қабулига келиб, муаммоимни айтгандим, масъулларга топшириқ бердию у шу ернинг ўзида ҳал этилди. Барча-барча раҳбарларимизга мингдан-минг раҳмат, улар ҳам фарзандлар бахту камолини кўришсин.
Сайёр қабулда баъзи фуқароларнинг ўз жигарларидан шикоят қилиб келганлиги ҳам бўлди. Нечоғлик оғир бўлмасин, ҳоким туман раҳбари сифатида икки ака-уканинг ҳам ўртасига кириб, муаммосини ижобий ечим топишига ўз ҳиссасини қўшди. Буни қарангки, қабулда арзир-арзимас нарсага жаҳл қилиб, гўё барчасига ҳокимлик, одамлар айбдордек, ўзини тута билмаган, қўпол сўзлар билан ўшқирадиган фуқаролар ҳам учради. Аммо ҳокимнинг оғир-босиқлик билан уларни ҳам тинглаб, муаммосини ижобий ечим топишига астойидил кўмаклашишини айтганда раҳбар қобилиятига тасанно айтдик. Бу хатти-ҳаракати билан у айрим маънавиятсизга маънавиятни муомиласи билан уқтирди, гўё.
Қабулда ечими муддат кутадиган муаммолар ҳам ўз вақтида ҳал этилиши бўйича соҳа мутасадди раҳбарларига топшириқлар берилди.
РАИСЛИККА МУНОСИБ 
НОМЗОД САЙЛАНДИ(МИ?)
Май ойининг аввалидан бутун республикамизда, жумладан, туманимизда ҳам фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига раис (оқсоқол) сайланди. Шу билан бирга, жараёнда фуқаролар томонидан айрим камчиликларга ҳам йўл қўйилдики, масалани ижобий ҳал этиш зарур.
Худди шундай ҳолат Қўлба маҳалласида кўзга ташланди. Муносиб номзодни танлашда холис фикрга кела олмаган маҳалла аҳлининг бир ёқадан бош чиқариши учун туман ҳокими бош-қош бўлди. Ҳоким бугун маҳалла раиси сифатида сайланган оқсоқол зиммасига юкланадиган вазифалар, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда ишлаш тўғрисида ўз фикрларини, тавсияларини билдирди. Маҳалланинг обод ва осойишталиги, бу ерда яшаётган аҳолининг муаммолари ўз вақтида, ижобий ечим топиши учун раис ва халқнинг бирдамлиги муҳим эканлигини таъкидлади. Навбатдаги сайлов жараёнига айни шундай жиҳатларга эътибор қаратишни таъкидлади.
Туман ҳокими маҳалла аҳлининг коммунал, электр энергияси йўл қурилиши билан боғлиқ муаммоларини тинглаб, бўлим бошлиқларига тегишли топшириқлар берди.
2-сектор ҳудуди, 43-умумтаълим мактабида сектор раҳбари, туман прокурори Хондамир Мардиевнинг сайёр қабули ўтаётган манзилда навбатдаги аҳоли билан учрашув бўлди.
У ерда ҳам туман ҳокими сектор фаолияти билан яқиндан танишиб, Қозиқўрғон маҳалласи аҳолисининг муаммолари, таклиф ва тавсияларига қулоқ тутди.
Шундан сўнг, туман ҳокими "Нуроний" жамғармаси вилоят бўлими раҳбари Ҳ. Нормуродов ва бошқа муассаса-ташкилот ходимлари билан биргаликда Арабхона маҳалласида яшовчи 95 ёшли Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Аҳад бобо Очилов хонадонига ташриф буюрилди. Аҳад бобога Президентимизнинг байрам табриги ўқиб эшиттирилди ҳамда етти миллион беш юз минг сўм мукофоти тантанали равишда топширилди.
Дарвоқе, байрам муносабати билан туман раҳбари бир хайрли ишга қўл урди. Унинг ташаббуси билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Аҳад бобо Очиловга эҳтиром сифатида у яшаётган хонадон ёнидаги кўчага асфальт ётқизилди. Шу билан бирга маҳалладаги унга туташ кўчалар ҳам кўркам қиёфага кирди.
Жангчи фахрийнинг хонадонидан чиқиб, фронт ортида меҳнат қилган фахрий отахон ва онахонлар, хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар, мард ўғлонларнинг ҳам хонадонларида бўлдик. Туман ҳокимининг ташрифи фахрийларнинг оила аъзоларига бир олам қувонч бағишлади.
ОТА АМРИГА БЎЙСУНИБ...
Кун ўтганини пайқамай ҳам қолибмиз, бир зумда қуёш ботди гўё. Учрашувлар, маънавий-маърифий тадбирлардан сўнг ҳокимлик биносига қайтдик. Раҳбар билан бир зум бўлса-да дилдан суҳбат қурдик.
- Бугун раҳбарлар зиммасида улкан масъулият, вазифалар бисёр, - дейди у. - Чунки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган жадал ислоҳотларнинг ўзи шуни талаб қиляпти. Энг муҳими, бу саъй-ҳаракатлардан халқ рози, мамнун. Шунинг ўзи менга шижоат, ғайрат бағишлайди. Айниқса, табаррук ёшдаги отахон Аҳад бобо Очиловнинг дуолари менга яна бир бор қанот бағишлагандек бўлди. Бошимиздаги тожларимиз - нуроний ота-оналаримиз омон бўлишсин. Энг муҳими, бугун 90 ёшни қоралаган отам ҳам эл-юртга садоқат билан хизмат қилишимни доим уқтиради. Дуолари қайта ҳаёт бағишлагандек бўлади. Инсонни нафақат ота-она дуоси, балки эл дуоси юксакларга кўтаради. Ишончни доим оқлаш, шу беғубор халққа ҳаммаслак, ҳамнафас бўлиш бахт... 
Шу пайт туман ҳокими ёрдамчиси Маъруфжон Ўринов қўлида бир даста қоғоз билан келиб салом берди ва айрим фуқаролар раҳбарни кутаётганини айтди. Демак, ҳоким учун иш давом этади.

Манба: "Гулобод тонги" газетаси. Зоҳир ҲАСАНЗОДА, Нормурод КАРИМЗОДА

2015-2024 © Хокимият Самаркандского района. Разработан в: SAKTRM