Самарқанд туманидаги ҳар бир маҳаллада “Саломатлик мактаби” фаолияти йўлга қўйилган

Жорий йилнинг ўтган 3 ойи давомида жами 93 минг 132 нафар 18 ёшгача бўлган болаларнинг 39 минг 519 нафари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилган. 7 нафар ногирон болаларни реабилитация қилиш бўйича вилоят реабилитация ва чоғломлаштириш марказига имтиёзли йўлланма берилган.

Шу каби маълумотлар Самарқанд тумани ҳокимлигида ташкил этилган матбуот анжуманида айтиб ўтилди. Анжуманда туман ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари, туман тиббиёт бирлашмаси, жисмоний тарбия ва спорт бўлими раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар иштирок этди.

Анжуман доирасида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи, соғлом овқатланишни тарғиб этиш, ёшларни жисмоний тарбия ва спортга жалб қилиш, патронаж хизмати фаолияти самарадорлигини ошириш каби долзарб масалалар тўғрисида журналистларга кенг маълумот берилди.

Қайд этилганидек, бугуннинг энг муҳим вазифаларидан бири соғлом ва ҳар томонлама баркамол авлодни тарбиялаш, уларга муносиб шароит яратиб беришдир. Бу борада Самарқанд туманида ҳам муайян ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, тумандаги барча маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда ҳар бир маҳаллада “Саломатлик мактаби” фаолияти йўлга қўйилди. Бу мактабларда аҳолини спортга жалб этиш ишларига алоҳида эътибор қаратилган.

Анжуманда журналистлар соҳага оид ўзларини қизиқтирган саволларига етарлича жавоб олишди.

2015-2024 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM