Болалар оромгоҳларини мавсумга тайёрлаш учун барча имкониятларни ишга соламиз

Самарқанд тумани ҳокими Носир Мавлонов “Ситора” болалар ёзги дам олиш оромгоҳида ташкил этилган матбуот анжуманида шу ҳақда маълумот берди. Унда журналист ва блогерлар, туман ташкилот раҳбарлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

- Мактабларда ўқув йили якунига етди. Болаларнинг навбатдаги манзили эса ёзги таътилда оромгоҳлар бўлиши табиий, - деди туман ҳокими. - Уларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши ва таътилни кўнгилдагидек ўтказиши учун қизғин тайёргарлик ишларини бошлаб юбордик. “Ситора” болалар ёзги дам олиш оромгоҳини 2021 йилги мавсумга тайёрлаш бўйича туман ҳокимлигининг чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Шу асосда дастлабки қиладиган ишимиз сув чиқариш иншоотини кўрикдан ўтказиш, оромгоҳ ҳудудини суғориш учун мўлжалланган насосларни ишга тушириш ва ободонлаштириш ишлари бўлади.

Албатта, бу жараёнда ҳар бир иш босқичма-босқич амалга оширилади. Айниқса, яқинлашиб келаётган 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни олдимизга катта масъулиятни қўймоқда. Ушбу байрамга ҳам муносиб тайёргарлик кўрамиз. Бунинг учун барча имкониятларни ишга солишга тайёрмиз.

Анжуман давомида оромгоҳ атрофини ўраб турувчи тўсиқларни қайтадан таъмирлаш, оромгоҳга олиб келувчи йўлларни ҳам жорий таъмирлашга алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланди. Шунингдек, болалар саломатлигини мустаҳкамлаш учун тиббиёт хоналарини шай ҳолатга келтириш, дори воситалари билан таъминлаш масаласи ҳам кенг муҳокама этилди.

Анжуманда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олишди. Керакли бўлган таклифлар ҳам билдирилди.

2015-2024 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM