Аҳоли жон бошига ажратилган дори ва тиббий буюмлар учун бириктирилган маблағ миқдори 3 бараварга оширилади

“Соғлиқни сақлаш соҳасини комплекс ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5124-сон, 25.05.2021 й.) қабул қилинди.

 Қарорга кўра, 2021 йил 15 июндан бирламчи тиббий-санитария муассасаларида дори ва тиббий буюмлар учун бириктирилган аҳоли жон бошига ажратилган маблағ миқдори ўртача 3 бараварга оширилади. 

 Бунинг учун 2021 йил инвестиция лойиҳаларини мақбуллаштириш ҳисобидан 165 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилади.

 Қарорга мувофиқ, барча соғлиқни сақлаш тизими ташкилотлари раҳбарлари фаолиятини баҳолаш рейтинги жорий этилиб, ҳар чоракда натижалар Президент Администрацияси ва Ҳукуматга киритиб борилади. 

 2021 йил 1 октябрга қадар жойларда, айниқса олис ва чекка ҳудудларда аҳолини манзилли профилактика ва скрининг қилиш ишларини ташкил этиш учун зарур ускуналар билан жиҳозланган махсус автобусларнинг камида 3 та тажриба намунаси яратилади.

2021 йил 1 июлдан иш стажи 5 йил бўлмаган олий маълумотли тиббиёт ходимларини нодавлат тиббиёт ташкилотларига ишга қабул қилиш билан боғлиқ талаблар давлат тиббиёт муассасаларига тенглаштирилади.

 Шунингдек, 2021–2022 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари филиаллари (91 та) ташкил этилади.

 Мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларда тўғри овқатланишни йўлга қўйиш мақсадида 2021/2022 ўқув йилидан янгиланган овқатланиш рациони ҳамда ушбу йўналиш билан шуғулланувчи тадбиркорларга талаблар амалиётга киритилади. 

Бунда, болаларнинг соғлиғига зарар ва ривожланишига салбий таъсир кўрсатадиган барча озиқ-овқат маҳсулотларини мактабгача таълим ташкилотлари ва мактаблар ҳудудида сотишга чекловлар қўйилади. 

2015-2024 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM