Сессияда депутатлар Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси Самарканд туман бўлими раҳбарининг ҳисоботини қабул қилмади

Бугун Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгашининг ўттиз биринчи сессияси бўлиб ўтди.

Дастлаб, сессия котиби тасдиқланиб, депутатлар кун тартибидаги марузаларни тинглади.

Самарқанд тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ўринбосари Т.Меҳмонқуловнинг “Туманда оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом бола туғилишини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги ҳисоботи эшитилди. Шунингдек, Самарқанд тумани Сув истемолчилар уюшмаси бошлиғи А.Расулов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 24 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2021-2023 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан туманда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди.

Шундан сўнг депутатлар Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси Самарканд туман бўлими раҳбарининг ҳисоботини тинглади.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 сентябрдаги “Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги кадастр агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ “Давергеодезкадастр” давлат қўмитаси негизида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ташкил этилди. Шундан сўнг, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги тўғрисидаги ҳамда Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилиниб, мазкур низомларга мувофиқ иш фаолияти олиб борилмоқда.

Туманда жами 74 та маҳаллада 57 минг 831 та кўчмас мулк объектлари мавжуд. Шундан, 49 минг 725 та якка тартибдаги тураржой объектлари, 3152 та очиқ ер томорқалари, 992 та кўп қаватли уй-жойдаги хонадонлар, 912 та дала ҳовлилар, 3050 та нотурар жой объектларини ташкил этади.

Самарканд туманида юқоридаги маълумотлардан, аҳоли томонидан фойдаланиб келинаётган кўчмас мулк объектларига бугунги кунга қадар кадастр хужжатларини расмийлаштириш ҳолати жуда паст кўрсаткичда эканлиги яққол кўриниб турибди. Сабаби, аҳоли томонидан кўп йиллардан буён яшаб келаётган уй-жойларига кадастр хужжатини расмийлаштириш ва давлат рўйхатидан ўтказиш учун Давлат хизматлари марказига мурожаат қилишганида, фуқародан ер участкасига нисбатан эгалик қилиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш сўралмоқда.

Фуқароларга уй-жой қуриш учун ер ажратиш тўғрисидаги қарорлари архивларда сақланмаганлиги, архивдан берилган хўжалик дафтаридан кўчирмалар эса бирламчи ҳужжат сифатида қабул қилинмаслиги сабабли фуқароларнинг уй-жойига кадастр хужжатини расмийлаштириш ва давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги кўплаб мурожаатлари Давлат хизматлари марказлари томонидан рад этилмоқда.

Бу эса, фуқароларнинг Конституция ва қонунлар билан мустаҳкамланган мулкий ҳуқуқлари етарли даражада таъминланмасдан қолишига, ўз навбатида фуқаролар томонидан уй-жойларини олди-сотди қилиши, мерос қилиб қолдириши, ҳадя қилиши, умуман мулкни бегоналаштиришнинг қонунан амалга оширишнинг имконияти йўқлиги боис, фуқаролар ўртасида ўзаро турли хил низо ва келишмовчиликларни юзага келишига сабаб бўлмоқда.

Депутатлар Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси Самарканд туман бўлими раҳбарининг ҳисоботини қониқарсиз деб топди. Ва кейинги сессияларга пухта тайёрланган ҳолда тақдим этиши тўғрисида таклиф киритилди.

2015-2024 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM