Давлат тилида иш юритишда масъулият билан ёндашиш вақти келди

2021 йил 10 февралда Вазирлар Маҳкамасининг “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Самарқанд тумани ҳокимлиги қошидаги ишчи гуруҳи томонидан туман давлат архивида иш юритиш, ҳисоб-китоб, статистика, молия ва бошқа расмий иш қоғозларининг матнлари давлат тилида юритилиши ҳолати ўрганилди.

Ўрганиш давомида тизимда иш юритишни давлат тилида ташкил этиш ва давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш бўйича барча йўналишдаги раҳбарлар шахсан масъул эканлиги қатъий белгиланган. Шундай бўлса-да, туман давлат архивида ушбу йўналишда талайгина хато ва камчиликлар мавжудлиги аниқланди.

Таҳлиллар асосида келгусида амалга оширилиши лозим бўлган аниқ вазифалар белгилаб олинди. Жумладан, ходимлар ўртасида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида иш юритишда имловий хатоларга йўл қўймаслик масаласида диктант олиниб, ҳар бир ходимга имло, пунктуация ва ҳуснихат борасидаги хатолари кўрсатилиб, она тилимизга эътиборлироқ бўлиш, камроқ хато қилишга ўрганиш, ўз устида мустақил ишлаш каби вазифалар белгилаб берилди.

Ходимларнинг ўзбек адабий тили меъёрлари, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси ва имлоси, давлат тилида иш юритиш асослари, расмий ҳужжатлар ва уларни ёзиш бўйича назарий ҳамда амалий билим ва кўникмаларини ошириш зарурлиги бўйича масъуллар огоҳлантирилди.

Бунёд ЯРAШЕВ,

Самарқанд тумани ҳокимининг маслаҳатчиси.

2015-2024 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM