Самарқанд туманида 10 декабрдан 20 декабрга қадар “Давлат тили 10 кунлиги” эълон қилинди

Туман ҳокимлигида ташқи реклама, пешлавҳа, нархнома ва бошқа ахборот матнларининг давлат тилида юритилиши бўйича олиб борилаётган ишларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда туман ҳокими Н.Мавлонов, сектор раҳбарлари, вилоят ҳокимининг маслаҳатчиси Ш.Темиров, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси вилоят бўлими, вилоят Монополияга қарши курашиш ҳудудий бошқармаси масъул ходимлари ҳамда тумандаги профилактика инспекторлари, маҳалла фуқаролар йиғини раислари, ҳудудий солиқ инспекторлари ҳамда тегишли ташкилот раҳбарлари иштирок этди.

Қайд қилинганидек, “Давлат тили 10 кунлиги” давомида ҳар бир маҳаллада профилактика инспектори раҳбарлигида маҳалла раиси ва ҳудудий солиқ нозирлари иштирокида ишчи гуруҳи шакллантирилиб, барча хорижий тилда ва имловий хатолар билан ёзилган реклама баннерларини олиб ташлаш бўйича тегишли чоралар кўрилади.

Шунингдек, соҳа раҳбарларига магистрал ва умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларининг йўл бўйи минтақасидаги, симёғочлардаги, дарахтлардаги ноқонуний равишда ўрнатилган барча ташқи ёзувларни олиб ташлаш вазифаси юклатилди.

Амалга оширилган ишлар 21 декабрь куни танқидий муҳокама қилиниши белгилаб олинди.
Бунёд ЯРАШЕВ.

2015-2024 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM