Самарқанд туманида хонадонларга янги турдаги иситкич ўрнатиб чиқиш учун 7 та чилангарлар гуруҳи ишламоқда: Бу печлар нимаси билан муҳим?

Маълумотга кўра, тажриба ўтказиш жараёнида мазкур печлар аҳоли хонадонларида 23 фоиз, ҳудуддаги 6-умумтаълим мактабга ўрнатилган печлар эса 40 фоиз табиий газни иқтисод қилиши аниқланган. Суюлтирилган газда эса бу печга уланган битта маиший газ баллони билан 4 хонали уйларни 24 кун давомида иситиш мумкинлиги айтилмоқда.

Олдинроқ вилоят ҳокими Э.Турдимов Самарқанд шаҳри ва туманидаги бир қатор маҳаллаларда аҳоли хонадонлари шароити билан танишиш чоғида “Ҳудудгаз Самарқанд” АЖ вилоят филиали томонидан ҳам электр қувватига, ҳам маиший газ баллонларига мослаштирилган арзон модулли печларнинг тақдимоти ташкил этилган эди. Ўшанда вилоят ҳокими Самарқанд туманидаги Бухори маҳалласидаги хонадонларга тажриба тариқасида тежамкор модулли печларни ўрнатиш таклифини берганди.

Бугунги кунда Бухори маҳалласида 635 та хонадон бўлиб, бир ҳафта ичида 478 та истеъмолчига 5 турдаги тежамкор печлар ўрнатиш ишлари давом этмоқда. Бир кунда 7 та чилангарлар бригадаси томонидан 60 тагача хонадонга модулли печлар қўйилмоқда.

- Дастлаб 19 та хонадонга модулли печлар ўрнатиб синовдан ўтказдик,- дейди “Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти Самарқанд туман филиали бошлиғи Суҳроб Бобоев. – Тажриба ўтказиш жараёнида аҳоли хонадонларида 23 фоиз, ҳудуддаги 6-умумтаълим мактабга ўрнатилган печлар эса 40 фоиз табиий газни иқтисод қилиши маълум бўлди. Шунингдек, икки контурли печларнинг нархлари 45 - 75 минг сўмгача бўлиши ҳам аҳоли учун анча ҳамёнбоплиги билан аҳамиятли.

Маҳалладаги ижтимоий соҳа объектларига жумладан, мактаб, болалар боғчалари, ҚВПларга ҳам талабга қараб 3 ёки 4 контурли печлар ўрнатилди. 

- Модулли печга уланган битта маиший газ баллони билан 4 хонали уйларни 24 кун давомида иситиш мумкин, -дейди “Ҳудудгаз Самарқанд” АЖ вилоят филиали бўлим бошлиғи Зафар Самандаров. – Кам газ сарфлайдиган мазкур печлар оммалаштирилса, ҳам уйлар яхши исийди, ҳам тўлови арзон бўлади. Энг муҳими инсон ҳаёти учун хавфсиз бўлади. 

Шу вақтгача мазкур печлар Хитой ва Эрон давлатларидан келтирилган бўлса, ҳозирда улар Тошкент шаҳри ва Ургут туманидаги ишлаб чиқариш корхоналари томонидан тайёрланиб, бозорларга етказиб берилмоқда.

- Модулли печкани мақтаганларича ҳам бор экан, -дейди Тадбиркорлар кўчаси 40 уйда яшовчи Носир Ғафуров. – Ёнганида ҳиди чиқмайди. Иккитаси ёрдамида 10 га яқин хоналарни иситиш мумкин. Ошхона ва ҳаммомларни ҳам бир меъёрда иситади. Шу пайтгача 2 ҳафтага 100 минг сўм тўлаган бўлсам, ҳозирда, унинг ярмини тўлаяпман.

Дарҳақиқат, “Ҳудудгаз Самарқанд” АЖ вилоят филиали мутахассисларининг ҳисоб-китобларига кўра, модулли печлардан фойдаланганда бир ойга 350 кубометр табиий газ ўрнига 250 кубометр сарфланар экан. Бу эса нафақат хонадонингизни иссиқ тутади, балки чўнтагингизга енгиллик бўлади деганидир.

Дилмурод Тўхтаев.

Б.Мустанов олган суратлар.

2015-2024 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM