ОАВ ходимлари учун пресс-тур

Оммавий ахборот воситалари ходимлари учун ташкил этилган навбатдаги пресс-тур Самарқанд туманида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими, ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бошқармаси ҳамда вилоятдаги оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Тадбир иштирокчилари дастлаб тумандаги Хўжа Аҳрори Вали мажмуасини зиёрат қилди. Сўнгра Хаймари боло маҳалласида Президентимиз томонидан илгари сурилган беш ташаббус асосида ташкил этилган кутубхонанинг очилиш маросимида иштирок этишди.
Тарихий бино маҳалла аҳолиси билан келишилган ҳолда кутубхонага мўлжаллаб таъмирланди ва жиҳозланди. Мазкур маҳаллада хотин-қизлар учун тикувчилик ва ҳунармандчилик устахоналари, болалар учун компьютерхона ташкил этиш, шунингдек, аҳолининг спорт билан шуғулланиши учун шароит яратиш режалаштирилганлиги таъкидланди.
Пресс-тур иштирокчилари Самарқанд туманидаги “AGROMIR” компаниялар гуруҳига қарашли шарбат ва консерва ишлаб чиқариш заводи ҳамда “Inter kristal savdo servis” МЧЖда замонавий технологиялар асосида турли ўлчамдаги металл қувур ва профиллар ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Шундан сўнг “Аъзам Азамат агро” фермер хўжалигида туман ҳокими Ш.Джамалов пресс-тур иштирокчиларига туманда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қурилиш-бунёдкорлик ишлари, маънавий-маърифий соҳалардаги янгиликлар ҳақида маълумот берди. Туман ҳокими ижтимоий соҳада олиб борилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратиб, янги мактаб ва мактабгача таълим муассасалари қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш борасида манзилли дастурлар асосида иш олиб борилаётганини таъкидлади. Мулоқот чоғида аҳолини уй-жой билан таъминлаш, коммунал хизматлар сифатини ошириш, ички йўлларни таъмирлаш, туманда экотуризмни ривожлантириш, ёшларнинг китобхонлик маданиятини ошириш борасидаги ишлар ҳақида ҳам сўз юритилиб, бу борадаги режалар тўғрисида маълумот берилди.
Пресс-тур иштирокчилари Деҳнав маҳалласида давлат-хусусий шерикчилик асосида яқинда ташкил этилган “Дилнура Ангелина” нодавлат мактабгача таълим муассасаси, Конигил қишлоғидаги қоғоз ишлаб чиқариш ва кулолчилик устахоналари фаолияти билан ҳам яқиндан танишдилар.


 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

2015-2024 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM