Зарурат бўлса, барча яроқсиз электр симёғочлари алмаштирилади

Деҳнав маҳалласида яшовчи Алам Ахмедов ва шу маҳалла аҳли бир неча йиллардан буён электр симёғочларининг яроқсиз ҳолга келиб қолганидан ташвишда эди. Уларни алмаштириш учун эса анчагина маблағ керак. Акс ҳолда маҳаллада истиқомад қиладиган фуқароларнинг саломатлиги хавф остида қолади.

Шу муаммонинг ечимини излаб А.Ахмедов туман халқ қабулхонасида ўтказилган туман ҳокимининг навбатдаги сайёр қабулига келди.

- Маҳаллада бир нечта электр симёғочи муддатини ўтаб бўлгани учун одамларнинг ҳаётига хавф соляпти, - деди А. Ахмедов. - Ушбу яроқсиз симёғочларни янгисига алмаштириш учун аҳолининг маблағи етмайди. Одамларнинг хавфсизлигини таъминлашда амалий ёрдам берсангиз. Шу билан бирга, айрим ҳолларда учраётган электр энергиясининг узулиши бартараф этилган бўларди.

Айни масаланинг ечими юзасидан туман электр тармоқлари корхонасига тегишли вазифалар юклатилди. Зарурат бўлса, маҳалладаги барча яроқсиз электр симёғочларини алмаштириш кераклиги таъкидланди.

Қабул давомида 30 га яқин фуқародан ички кўчаларни асфальт қилиш, ичимлик суви таъминоти, низоли масалаларни бартараф этиш каби 32 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг аксарияти жойида ҳал этилди. Қолганлари тегишли ташкилотлар томонидан ўрганиладиган бўлди.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати

2015-2024 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM