Ўқитувчи ва мураббийлар куни сайил тарзида нишонланади

1 октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар куни мамлакатимизда, шунингдек, вилоятимизда сайил тарзида кенг нишонланади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлигида байрамни юқори савияда ва уюшқоқлик билан ўтказишга бағишланган йиғилишда айтиб ўтилди.

Таъкидланишича, 30 сентябрь куни вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидаги истироҳат боғи, дам олиш масканларида эрталабдан турли маънавий-маърифий тадбирлар, кўргазма ва ярмаркалар, концерт дастурлари ташкил этилади.

Вилоятнинг асосий байрам тадбирлари Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номидаги истироҳат боғида бўлиб ўтади. Соат 10:00 да бошланадиган сайил давомида педагогларнинг касб маҳоратини юксалтиришга доир қатор маърифий лойиҳалар, ижодий танловлар, китобхонлик, шеърхонлик тадбирлари ўтказилади. Алоҳида ажратилган павильонларда олий таълим муассасалари, коллежлар, лицейлар, мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари, шунингдек, ҳунармандларнинг маҳсулотлар кўргазмалари, ярмаркалар ташкил этилади. Таълим-тарбия жараёнига салмоқли ҳисса қўшган фахрий устоз ва мураббийларнинг Самарқанд шаҳридаги тарихий обидалар, диққатга сазовор масканларга саёҳати уюштирилади.

Сайилнинг якуний қисми шаҳардаги «Мўъжиза» амфитеатрида бўлиб ўтади. Унда таниқли ва эл ардоғидаги санъаткорлар иштирокида гала-концерт намойиш этилади.

 

2015-2024 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM