Ахборот хизмати ходими давлат органи ва аҳоли ўртасида кўприк вазифасини ўташи керак

Самарқанд вилоят Матбуот уйида ''Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш миллий тизимининг ташкилий-ҳуқуқий асослари'' мавзусида семинар бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ахборот хизматлари ходимлари иштирок этди.

Дастлаб жамиятда очиқлик, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлашда ахборот хизматларининг роли муҳимлиги, тизимда фаолият юритаётган ходимларнинг масъулияти ҳақида сўз юритилди.

- Очиқликнинг ўз талаблари бор, - деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Эркин Холбўтаев. – Бу энг аввало, тўғри сўзни қадрлаш, барчага ўз фикрини айтишга имкон яратиш. Иккинчидан, давлат органлари фаолиятида жамоатчилик фикри билан ҳисоблашиш, ундан фойдаланиш амалиётини жорий этиш. Бугунги қонунчилик айнан ана шу йўналишда ишламоқда.

Семинарда ахборот хизматларининг вазифалари нималардан иборат эканлиги яна бир бор тилга олиниб, уларнинг фаоллигини ошириш бўйича фикр-мулоҳаза ва таклифлар ўртага ташланди.

Манучеҳр МИРЗАЕВ, Самарқанд вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари:

- Бугун ҳар бир ахборот хизмати ходимидан тезкорлик, аниқлик, ҳозиржавоблик талаб қилинади. Вилоятимиз корхона-ташкилотлари, шаҳар ва туман ҳокимликлари ахборот хизмати ходимларининг фаолияти қониқарли даражада эмас. Агар биз ўз фаолиятимизга танқидий кўз билан қарай олсак, камчиликларимизга ечим топишимиз мумкин.

Манноб ИБОДУЛЛАЕВ, Самарқанд вилояти ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи:

- Мамлакатимизда бу тизимга барча соҳалар каби ҳукуматимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, вилоятимизда ахборот хизматлари, оммавий ахборот воситалари фаолиятини такомиллаштириш, ходимларнинг ишлаши учун шарт-шароитлар яратиш бўйича бир қатор хайрли ишлар амалга оширилди. Энди бу яратилаётган имкониятлардан тўғри ва самарали фойдаланиш лозим.

Бобур Мамадиёров, Қўшработ тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари:

- Бугунги семинар фаолиятимиз давомида йўл қўйган хато-камчиликларимиз нималардан иборат эканлигини кўрсатиб берди ва келгусида нималарга эътибор қаратишимиз, ахборот технологияларидан қандай фойдаланишимиз зарурлиги, билим ва малакамизни ошириб боришимиз учун қандай йўл тутишимиз кераклиги хусусида кўпгина кўрсатмалар берилди.

2015-2024 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM