Туманда куз-қиш мавсумига тайёргарлик таҳлил қилинди

Самарқанд тумани ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш ҳамда туманда куз-қиш мавсумига тайёргарлик масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда 4 та сектор раҳбарлари, туман кенгаши депутатлари, тижорат банклари ходимлари, маҳалла фуқаролар йиғини раислари, халқ таълими, мактабгача таълим муассасалари раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда туман ҳокими Носир Мавлонов Самарқанд туманида иқтисодиёт тармоқлари, кўп қаваптли тураржой бинолари ва ижтимоий соҳа объектларини 2019-2020 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш бўйича бажарилган ишларни таҳлил қилди.
Таъкидланганидек, ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизда йиллар давомида тўпланиб қолган муаммолар очиқ-ойдин кўрсатилиб, уларни ҳал этишга доир муҳим вазифаларни белгилаб олиш ва буни ҳаётга татбиқ этишимиз бугуннинг талаби ҳисобланади. Шу боис жорий йилнинг 6 сентябрида туман ҳокимининг соҳага оид қарори қабул қилиниб, туман иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини 2019-2020 йил куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.
Тадбирда шунингдек, туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Шуҳрат Жумаевнинг 2019 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан маърузаси тингланди.
- Кўп хонадонли уйларни 2019-2020 йиллар куз-қиш мавсумидан беталофат чиқариш учун 14 та уйларнинг 850 квадрат метр том қисмини, 57 та йўлакни, 15 та уйнинг фасад қисмини таъмирлаш, 30 дона темир эшик ўрнатиш, 6 та болалар майдончалари қуриш ишлари режалаштирилган, - деди Ш.Жумаев. – Мазкур ишларга тижорат банклари, туман ҳокимлиги томонидан тасдиқланган дастурга асосан кредит маблағлари ажратиш жорий йилнинг 15 ноябр кунига қадар тўлиқ таъмирланиши келишиб олинган.
Тадбир давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича масъул ташкилот раҳбарларига тегишли топшириқлар берилди.

2015-2024 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM