Оширилган ставкаларда солиқ ҳисоблаш амалиёти ўзгарди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 ноябрдаги ПФ-5868-сонли Фармонига асосан 2019 йил 13 ноябрдан бошлаб 2017 йил 23 февралдаги "Тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланишларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-2796-сонли ҳамда 2018 йил 4 сентябрдаги “Ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3928-сонли қарорлари ўз кучини йўқотди.
     Фойдаланилмаётган объектларга идоралараро комиссия хулосаси асосида оширилган ставкаларда солиқ ҳисоблаш амалиётига қуйидагича ўзгартиришлар киритилди.
Эски тартиб бўйича мол-мулк ва ер солиқлари ўрнатилган ставкага нисбатан - 6 ойгача - икки карра,  6 ой ўтгандан сўнг - беш карра,  12 ой ўтгандан сўнг ва кейинчалик ўн карра миқдорида қўлланилган.
Жорий этилган янги тартиб бўйича мол-мулк ва ер солиқлари ўрнатилган ставкага нисбатан  3 ойга қадар икки баравар,  3 ой ўтгандан сўнг-беш баравар,- 6 ой ўтгандан сўнг-ўн баравар, 12-ойдан бошлаб келгуси ҳар 12 ойда охирги ошириб қўлланилган миқдорнинг икки баравари миқдорида қўлланилади.
 Солиқ солиш режимини ўзгаришини талаб қиладиган норма бекор қилинди. Яъни, аввалги нормада юридик шахслар солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни соддалаштирилган тартибда тўлашдан умумбелгиланган тартибда тўлашга ўтказилган.
Амалдаги норма бўйича бўш турган объект эгаси юридик
шахс – ягона солиқ тўлови тўловчиси бўлса, соддалаштирилган тартибда солиқ тўлаш режимини сақлаб қолади.
    Тадбиқ этиладиган солиқ имтиёзларига ўзгартиришлар киритилди.Хусусан, олдинги норма бўйича қонунчиликка мувофиқ тақдим этилган барча солиқ имтиёзлари ва преференцияларнинг амал қилиши тўхтатилган.
Жорий қилинган нормада фақатгина мол-мулк ва ер солиқлари бўйича қўлланилган солиқ имтиёзлари ва преференцияларининг амал қилишини тўхтатилади.
Фойдаланилмаётган объект мулкдорларини объектни ишга туширганидан сўнг уларни қўллаб қувватлаш тизими яратилди.
Бунда, аввалги тартибда фойдаланилмаётган объект хўжалик фаолиятига жалб этилганда фақатгина таъсирчан солиқ механизмини қўллаш тўхтатилган бўлса, бугунги кунда таъсирчан солиқ механизмини қўллаш натижасида ҳисобланган солиқларни мулкдорга қайтариш тартиби ишлаб чиқилди.
Бунда туман (шаҳарлар)даги ишчи гуруҳ ва сектор раҳбарлари томонидан хатлов ўтказиш, хатлов натижаларини ишчи органга тақдим этиш, ишчи орган томонидан тасдиқлаш учун Идоралараро комиссияга киритиш ва хулосасини олиш билан боғлиқ жараёнларнинг барчаси тугатилди.
Буларнинг ўрнига бўш турган объектлар давлат солиқ хизмати органлари томонидан мустақил равишда аниқланадиган тизим жорий қилинди.
Аввалги тартиб бўйича мол-мулкнинг қиймати мавжуд бўлмаганда ёки “0”га тенг бўлганда объектларга нисбатан солиқ ҳисоблаш имконияти мавжуд бўлмаган. Эндиликда янги норма бўйича мол-мулкнинг шартли қиймати ҳар бир квадрат метри учун базавий ҳисоблаш миқдорининг Тошкент шаҳрида 8 баравари; Нукус шаҳри, вилоят марказлари ҳамда республика ва вилоятга бўйсунувчи йирик шаҳарларда 4 баравари; бошқа шаҳарлар ва қишлоқ жойларида 2 баравари миқдорида белгиланади. Бунда объектнинг фойдаланилмаётган майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлганда, ҳисобланган солиқ суммасига 1,5 баравар миқдордаги кўпайтирувчи коэффициент қўлланиладиган бўлди.
Давлат солиқ қўмитаси томонидан фойдаланилмаётган объектларни хатловдан ўтказиш, ишга тушириш ва уларнинг ҳисобини юритиш бўйича ягона дастурий маҳсулот ишлаб чиқилди ҳамда вазирлик ва идоралар (Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси,)билан интеграция қилинди.

Мақсуд Рўзиев,
Вилоят давлат солиқ 
бошқармаси ходими

2015-2024 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM