Энди автотранспорт воситалари ва улардаги фуқаролар Давлат чегарасида 30 дақиқадан ортиқ қолиб кетмайди

Ҳукумат қарори (912-сон, 18.11.2019 й.) билан Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали шахслар, транспорт воситалари ва товарларни ўтказиш пунктларида чегара, божхона, санитария-карантин, фитосанитария ва ветеринария назоратидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга мувофиқ, Давлат чегараси орқали ўтадиган барча шахслар, транспорт воситалари ва товарлар чегара, божхона, санитария-карантин, шунингдек, фитосанитария ва ветеринария назоратига тегишли бўлса, фитосанитария ва ветеринария назоратидан ўтказилади.

Ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олиш мақсадида давлат назорати органлари томонидан ўтказиш пунктида ҳайдовчилар, товарлар ва транспорт воситаларининг назорат тартиб-таомиллардан ўтказилиши “Ягона дарча” божхона ахборот тизими асосида амалга оширилади.

Ҳуқуқий ахборот каналининг маълум қилишича, низомда ўтказиш пунктларида автотранспорт воситаларининг бўлиш вақти аниқ белгиланди.

-Яъни, автотранспортнинг ўтказиш пунктида бўлиш вақти унинг тури ва ўтказиш пунктининг техник ҳолатига қараб қуйидаги муддатдан ортиқ бўлмаслиги керак:
- енгил автотранспорт воситалари – 15 дақиқа;
- юк автотранспорт воситалари – 30 дақиқа.

- Бунда, автотранспортнинг ҳар бир давлат назорати органлари томонидан тегишли тартиб-таомиллардан ўтказилиши вақти Ўзбекистонга киришда қуйидагича белгиланган:
- санитария-карантин назорати (ҳайдовчи санитария назоратидан ўтказилади) – 3 дақиқа;
- чегара назорати (Давлат чегарасини кесиб ўтиш ҳуқуқни берувчи ҳужжатлар мавжудлиги ва паспорт текширилади) – 4 дақиқа;
- божхона назорати (ҳайдовчи, товарлар ва автотранспорт воситаси божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказилади) – 15 дақиқа;
- фитосанитария назорати (олиб ўтилаётган товар фитосанитария назорати объекти бўлса, фитосанитария назоратидан ўтказилади) – 4 дақиқа;
- ветеринария назорати (олиб ўтилаётган товар ветеринария назорати объекти бўлса, ветеринария назоратидан ўтказилади) – 4 дақиқа.

Низомда, шунингдек, қайси ҳолларда назорат тартиб-таомилидан ўтиш вақти белгиланган меъёрлардан ортиқ бўлиши мумкинлиги кўрсатилган.

Жумладан, ўтказиш пунктида фаолият олиб борувчи давлат назорати органлари қонунбузарлик ҳолатларини аниқлаганида назоратдан ўтиш вақти белгиланган муддатдан ортиқ бўлиши мумкин.

2015-2024 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM