Самарқанд туманидаги фермерларга Янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг мазмун-моҳияти тушунтирилди

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши, O’zLiDeP Самарқанд вилоят Кегаши ҳамда Самарқанд туман фермер ва деҳқон хўжаликларига хизмат кўрсатувчи “Экстеншн” маркази ҳамкорлигида Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси мазмун-моҳиятига бағишланган семинар ташкил этилди.

Семинарда Самарқанд туманида фаолият кўрсатаётган фермерлар, вилоятнинг барча туманлардан ташриф буюрган фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгашлари раҳбарлари ҳамда Кенгашлар қошида ташкил этилган Бухгалтерия марказлари раҳбарларига Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси мазмун-моҳияти мутахассислар томонидан тушунтириб берилди.

Таъкидланганидек, янги таҳрирдаги Солиқ кодекси 71 боб 480 та моддадан иборат бўлиб, мазкур кодекс билан солиқ қонунчилиги соддалаштирилди, қонунчиликдаги қарама-қаршиликлар ва зиддиятлар бартараф этилди. Энг муҳими солиқ назорати меҳанизмлари такомиллаштирилиб, инсофли солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимояси кучайтирилди. Янги солиқ кодекси билан солиқ турлари 13 тадан 9 тага камайтирилди. Тадбиркорлик субъектлари учун солиқ тўлаш тизими соддалаштирилди. Якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ ставкалари қискартирилиб, солиқ суммаси аниқ белгилаб қўйилди. Энг муҳими, эндиликда солиқ органлари ходимлари тадбиркорларга назоратчи орган эмас балки, энг яқин кўмакчи, хизмат кўрсатувчи органга айлантирилди.

Семинарда экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида фермер хўжаликларнинг экспортга йўналтирилган маҳсулотлар қисми қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғидан озод этилгани фермер хўжаликлари томонидан экспорт салоҳиятини оширишга мухим омил бўлаётганлиги эътироф этилди.

Шунингдек, тадбир иштирокчилари Самарқанд туман фермер ва деҳқон хўжаликларига хизмат кўрсатувчи “Экстеншн” маркази ҳамда Самарқанд туманидаги “Аъзам Азамат агро” фермер хўжалиги фаолияти билан танишдилар.

2015-2024 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM