Носир Мавлонов: Бизни боқадиган мана шу тупроқ

Туманда ғаллачилик йўналишидаги фермер хўжаликлари томонидан жорий йилнинг январь ойида амалга оширилиши зарур бўлган агротехник тадбирлар юзасидан йўл хариталари ишлаб чиқилган. Бу ҳар бир мавсумда экилган экинларнинг юқори ҳосилдорлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Хўш, жорий йилда фермер хўжаликлари бу борадаги ишларни қай даражада уддалади? Агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга оширяптими?

Тумандаги “Azam Azamat Agro” фермер хўжалигида ташкил этилган кўргазмали семинарда шулар хусусида сўз борди.

Унда туман ҳокимлиги вакиллари, сектор раҳбарлари, фермер хўжалиги раҳбарлари иштирок этди.

Семинарда туман ҳокими фермер хўжаликлари томонидан йўл қўйилган камчиликларни танқидий таҳлил қилди.

Таъкидланганидек, 2020 йил ҳосили учун 377 та фермер хўжаликлари томонидан 2810 гектар майдонга ғалла экиб, парвариш қилинмоқда. Экилган ғалла майдонларининг 2110 гектари туплаш фазасида ривожланмоқда. Аммо 700 гектари 3-4 барг фазаларида ривожланаётган бўлиб, бугунги кунда муҳим бўлган агротехник тадбирлар ўз вақтида амалга оширилмаса, белгиланган режадаги ҳосилни олиш имконияти йўқолади. Унутмаслигимиз керак, бизни боқадиган мана шу тупроқ.

Шу ўринда қайд этиш зарурки, айрим фермер хўжалигидаги ишлар ҳанузгача пайсалга солиб келинмоқда. Масалан, “Мехробод” ММТП ҳудудидаги фермер хўжаликлари томонидан 143 гектар майдондаги кузги бошоқли дон экинлари экиб, парвариш қилиняпти бироқ 29 гектари ривождан орқада қолган. “Жунайдов Ботир боғлари” фермер хўжалигида 5,1 гектар ғалла майдони бўлиб, ғалла бугунги кунгача тупланмаган, ривожи суст. 530 метр ички ариқлар қазилмаган, маҳаллий ўғит жамғариш режаси 25 тоннадан 8 тонна жамғарилган, холос. “Ахмаджон Азимович боғлари” фермер хўжалигида эса ўғит жамғариш режаси 65 тонна бўлса, бугунги кунда умуман чиқарилмаган. Бошқа фермер хўжаликларида ҳам шу ҳолатни кузатиш мумкин.

2020 йил давомида ирригация ва мелиорация тармоқларини тозалаш ва таъмирлаш, фермер хўжаликлар ҳисобидаги ички суғориш тармоқларини қўл кучи ёрдамида тозалаш режалари ишлаб чиқилган ҳамда ҳудудларга сув хўжалиги ходимларидан масъуллар бириктирилганига қарамасдан бу ишлар ҳанузгача охирига етказилмаган. Туманда жами 647 километр ички суғориш тармоқлари тозаланиши керак. Шундан қўл кучида 582 километр тозаланиши белгиланган бўлса-да, амалда 391 километр тозаланган. “Гулистон”, “Мехробод”, “Янгиариқ”, “Чордара”, “Конигил” ва “Мотрид” ММТП ҳудудларида қилинган ишлар мутлоқ талабга жавоб бермайди.

Семинар давомида туман ҳокими ҳар бир фермер хўжалиги раҳбари ўзига бириктирилган ишларга масъулият билан ёндашишини таъкидлади. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги эканлари парвариши учун зарур бўладиган дори воситалари, уларнинг ўзига хос хусусиятлари, қўллаш жараёнлари тушунтириб берилди.

2015-2024 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM