Туман кенгашининг сессияси

Самарқанд туман ҳокимлигида халқ депутатлари туман Кенгашининг тўртинчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессия ишини туман ҳокими, Кенгаш раиси Н.Мавлонов олиб борди.

Сессия кун тартибини тасдиқлаб олингач, коронавирус пандемияси ва унинг иқтисодий-ижтимоий оқибатларини юмшатиш ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлар тўғрисидаги масала муҳокама қилинди.

Таъкидландики, бугун бутун дунё халқлари, шу жумладан, биз учун ҳам синовли пайт. Юксак тараққий этган ёки ривожланаётган, иқтисодий, сиёсий қийинчиликларни бошидан кечираётган давлатлар биргина ёв – коронавирусга қарши курашмоқда. Касаллик бой ёки камбағал, амалдор ёки ишсизни ажратиб ўтиргани йўқ. Белгиланган тиббий-санитария меъёрларига, карантин қоидаларига амал қилмаса, ҳеч ким бу хасталикдан холи эмас.

Ана шундай мураккаб вазиятда, айниқса, эҳтиёжманд оилалар, ногиронлиги бўлган кишилар, беморлар, ишсизлар кундалик эҳтиёж учун озиқ-овқат маҳсулотларига кўпроқ зарурият сезмоқда. Кўп давлатлар бундай тоифадаги фуқароларига зарур ёрдам кўрсатмоқда. Бизда ҳам бу борада давлат томонидан керакли чоралар кўрилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 23 апрель куни ўтказган йиғилишда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида тўхталиб ўтди.

Хусусан, вақтинча ишламаётган ва ёрдамга муҳтож оилаларни аниқлаб, уларни манзилли асосда озиқ-овқат ва дори-дармон билан таъминлаш кўламини янада кенгайтириш кераклиги ва ҳозирги пандемия пайтида ишсизлар, ёрдам ва кўмакка муҳтож аҳоли сони ортишини инобатга олиб, иш жойларини сақлаб қолиш ва иқтисодиётни кескин таназзулга учрамаслиги учун бор имкониятларни ишга солиш лозимлиги таъкидланди.

Шу билан бирга давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати йўлга қўйилиб, тадбиркорлар, саховатли юртдошларимиз эҳтиёжманд оилаларни ўз қарамоғига олмоқда. Бунга ҳеч ким мажбур қилинаётгани йўқ. Ҳар ким ўз виждон амри билан бу хайрли ишга қўл урмоқда.

Бу борада туман тадбиркорларидан ҳам сектор раҳбарларига бугунги вазиятда қийин ҳолатга тушиб қолган оилаларга ёрдам бериш ва далда бўлиш истагидан чин кўнгилдан мурожаатлар келиб тушган.

Сессияда туман сектор раҳбарларининг коронавирус пандемиясига қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги ахбороти ҳам депутатлар томонидан муҳокама қилинди.

Шунингдек, туманда коронавирус тарқалишининг олдини олиш ҳамда унинг иқтисодиёт ва инсонлар ҳаётига салбий таъсирини имкон қадар чеклаш учун шахсан масъуллиги ҳамда аҳолининг энг муҳим ҳаётий эҳтиёжларини тўлиқ таъминлаш, нарх-навонинг ошиб кетмаслигига эришиш ва кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар самарадорлиги янада ошириш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Кўриб чиқилган масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

2015-2024 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM