Улардан атиги 13 киши қолди

9 май – Хотира ва қадрлаш куни

“1942 йил. Жанггоҳлардан ҳар куни мудҳиш хабарлар кўпайиб бораётган бир пайтда армияга чақирув олдим. Юртнинг мард йигитлари сафида хизматга отландим. Дастлаб сафдошларим билан Ашхабоддаги танкчилар техникумида 8 ойлик тайёргарликни ўтадим. Сўнг танкчилар батальонида Шимолий Кавказда урушга кирдик. Кейин Украина ҳудудидаги жангларда қатнашдим. Урушдаги ғалабадан сўнг ҳам ҳарбий хизмат давом этди. Дастлаб Одесса ҳарбий округида бир йил хизматда бўлдим. Кейин Германияда то 1949 йилгача хизмат қилдим. Венгрияда бўлган жангларда бошимдан жароҳат олган эдим, йиллар ўтган сари жароҳат ўз таъсирини ўтказа бошлади. 1949 йил ҳарбий хизматдан жавоб беришди...” 

Бу урушда қон кечиб, фашизм устидан қозонилган ғалабага муносиб ҳисса қўшган самарқандлик Аҳад бобо Очиловнинг хотиралари. Самарқанд тумани Саховат маҳалласида истиқомат қилаётган 98 ёшли отахон урушдан кейинги фаолиятини таълим-тарбия соҳаси билан боғлади. Дастлаб педагогика техникумида, кейин Самарқанд давлат университетининг филология факультетида таҳсил олган Аҳад бобо 52 йил бир мактабда – тумандаги 3- умумтаълим мактабида ёшларга таълим берди.

– Дарахт бир жойда кўкаради, деган нақлга амал қилдикда, болам, – дейди отахон ҳазил аралаш. – Ёшларга таълим бериш урушнинг қонли жанггоҳларини унутишга ёрдам берди. Ёшлар билан ишлаб, уларнинг муваффақиятини ўзимникидек қабул қилиб, улардан кўпроқ севиндим. Қоқилганларига тиргак бўлишга интилдим. Нафақага чиққач ҳам 18 йил мактабда меҳнат қилдим. Ҳозир ҳам шогирдларим йўқлаб, маслаҳат сўраб туришади. Бундан кўнглим тоғдек кўтарилади. Ўзим ҳам эвараларнинг дарсларини назорат қилишга ҳаракат қиламан. Уларга тўғри йўл кўрсатиб, ҳаётда ўз ўрнини топишнинг энг осон йўли илм эканлигини уқтираман. Яратганга шукур, оиламиздаги ҳамма ўқимишли, зиёли. Фарзандлар, набиралар, эвараларнинг, қолаверса шогирдларнинг муваққиятларини кўриб қувонаман, шундан куч-қувват олиб, қарилик гаштини суряпман. Инсон учун энг олий бахт мана шу. 

Аҳад бобонинг 6 фарзандидан бугун 26 невара 30 эвараси бор. Улар жам бўлса, отахоннинг бағри ҳам, ҳовлиси ҳам тўлиб кетади. Қолаверса, қўни-қўшнилари, маҳалла фаоллари тез-тез бу табаррук фахрийни йўқлаб, у кишидан маслаҳат, йўл-йўриқ сўрашади. Айниқса, кекса муаллимнинг ёшлар таълим-тарбияси борасидаги бой ҳаётий тажрибасини ўрганиб, қимматли маслаҳатларини олиб ўз фаолиятларига қўллашади. Бугунги кунда Самарқанд вилоятида Аҳад бобо сингари Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари жуда кам қолди – улар атиги 13 киши. Асрга тенгдош ёки 100 ёшдан ошган бу пиру бадавлат нуронийларнинг машаққатли кечган ҳаёт йўллари бугунги авлод учун катта ибрат мактаби. Уларнинг уруш ҳақидаги хотиралари ёшлар учун тарихий ҳикоя, эртакдек туюлади. 

– Илоҳим, биз кўрган қийинчилик ва машаққатлар, уруш даҳшатлари бугунги ва келгуси авлодлар учун эртак бўлиб қолсин. Уларнинг ҳаёти тинч-осойишта, бахтли кечсин, юртимизда тинчлик барқарор бўлсин, – дейди Аҳад бобо қўлларини дуога очиб.

Ғ.ҲАСАНОВ,

А.ИСРОИЛОВ (ЎзА)

2015-2024 © Samarqand tuman hokimligi. Sayt yaratuvchisi: SAKTRM