Самарқанд туманидаги боғчада “Ватанпарвар гуруҳи” ташкил этилди

Самарқанд туманида жойлашган “Kamelot”  номли  нодавлат бошланғич таълим ташкилотида “Ватанпарвар гуруҳи” ташкил этилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тантанали очилиш тадбирида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар Кичик мутахассислар тайёрлаш маркази тарғибот гуруҳи, Самарқанд вилояти Мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи ўринбосарлари ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этди.

Тадбирнинг бадиий қисмида болажонларнинг чиқишлари меҳмонларни ҳайратга солди. Улар ўзлари тайёрлаган куй-қўшиқлар, рақсларни маромида ижро этиб, Ватан ҳақида бир-биридан жўшқинланиб шеърлар ўқиди.

Болажонлар учун аскар акалари томонидан қурол-аслаҳалар кўргазмалари ва қўл жанги чиқишлари намойиш этилди. Шундан сўнг меҳмонлар ҳарбий техника ва  қурол-аслаҳа макетлари билан жиҳозланган  “Ватанпарвар гуруҳи”  хонаси  билан яқиндан танишди.

Тадбир сўнгида “Kamelot”   нодавлат бошланғич таълим ташкилоти ва “Ватанпарвар гуруҳи”  раҳбарларига Марказ қўмондонлиги томонидан қимматбаҳо совғалар ва фахрий ёрлиқлар топширилди.

Контракт  бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар

Хайрулло ЎЛМАСОВ, 

марказ пресс-атташеси

2015-2024 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM