Энди ғалладан бўшайдиган майдонларга нима экилади?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 15-16 апрель кунлари вилоятимизга қилган ташрифи доирасида фаоллар билан ўтказган йиғилишида Самарқанд туманида мавжуд ғалла майдонлари ўрнига сабзавот маҳсулотларини экиш ва туманни сабзавотчиликка ихтисослаштириш бўйича тегишли вазифалар белгилаб берилган эди. Шундан келиб чиқиб, мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида туманда амалий ишлар бошлаб юборилган.

Туман ҳокими Носир Мавлонов Конигил маҳалласида ҳудуддаги фермер хўжаликлари раислари билан учрашув ўтказди. Учрашув танқидий руҳда ўтказилиб, Конигил, Пулимуғоб ва Бадал маҳаллаларида ғалладан бўшайдиган майдонларга сабзавотчилик, ҳусусан картошка, булғор қалампири ва сояини қай тартибда экиш масалалари бўйича фермерлар билан фикр алмашди.

Ўз навбатида туман ҳокими фермерларнинг иш фаолиятидан норозилигини билдириб, уларнинг касбий кўникмаларини ошириш мақсадида Самарқанд ветиринария ва медицина институтининг етакчи олимларини жалб этган ҳолда ўқув семинарларини ташкил этиш масаласини илгари сурди.

Туман ҳокими қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарига қисқа фурсатда Конигил маҳалласи ҳудудида ғалладан бўшайдиган майдонларга ернинг табиий ҳолатидан келиб чиққан ҳолда қандай экинлар экиш зарурлиги борасида тегишли таклифлар киритиш вазифасини юклади.

Ўтказилган йиғилишда тумандаги фермер хўжаликлари раҳбарларига аниқ вазифалар белгилаб берилиб, мутасадди ташкилот масъулларига ишни тўғри ташкил этиш юзасидан керакли топшириқлар берилди.

2015-2024 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM