Самарқанд туманидан 3 нафар фуқаро афв этилди

Бахт тушунчасини инсонлар турлича тасаввур қилади. Кимдир уни тинчлик-хотиржамлик ёки сиҳат-саломатликда деса, бошқа биров оила, дўстлар даврасида, яхши даромадли ишда деб билади. Умуман, бахт ҳақида гап борганда ҳар ким уни ўз дунёқараши, тафаккури билан ўлчайди ва хулосага келади. Маҳкумликдаги одам учун эса озодлик, оиласи бағрида бўлиш бахт. Улар учун бундан ширин, бундан азиз, қиммат сўз дунёда йўқ.
Шу боис, адашиб жиноят йўлига кирган ва содир этган қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлган инсонларга яна бир бор имкон бериш, уларни тўғри йўлга, оиласи бағрига қайтариш давлатимиз олдида турган муҳим масалалардан бирига айланди. Зеро, адашганлар ҳам шу мамлакат фуқароларидир.
Юртбошимиз ана шундай билиб-билмай жиноят содир этган, ҳозирги вақтда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган жазо муддатини ўтаётган фуқароларни афв этиш тўғрисидаги Фармонни имзолаши улар учун том маънода бахт тимсоли бўлди.
Бугун Самарқанд тумани ҳокими, сектор раҳбарлари, туман ҳокимининг ўринбосарлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари афв этилиб, озодликка чиққан Оҳалик, Талибарзу ҳамда Сулфакабутак маҳалласи фуқароларининг хонадонларида бўлиб, улар билан суҳбат олиб боришди.
-  Афв дегани, аввало, ишонч дегани. Халқимиз ва давлатимиз раҳбари билдирган ана шу ишончни оқлашда туман ҳокимлиги ва сектор раҳбарлари доим елкадош бўлади, - деди туман ҳокими. 
Суҳбат жараёнида уларни қийнаётган муаммолар ўрганилди, таклифлари тингланди. Тегишли ёрдам кўрсатиш борасида мутасаддиларга топшириқлар берилди.
Оиласи бағрига қайтган фуқаролар халқимиз ва давлатимиз раҳбарига ўз миннатдорчилигини айтиб, дуо қилишди.

2015-2024 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM