Оддий сартарошдан Бош вазир ўринбосаригача... Самарқандлик ёш ижодкорнинг “Биз билмаган мухлислар” лойиҳасидан кўзланган мақсад нима?

Самарқанд тумани фуқароси бўлган ёш ижодкор Рустамжон Аҳрорқулов 2019 йилдан бери “Биз билмаган мухлислар” лойиҳасини амалга ошириб келмоқда. Хўш, бу лойиҳанинг мазмун-моҳияти нимадан иборат?

- Лойиҳанинг мақсади дастхат қўйилган китоблардан иборат кутубхона яратиш, - дейди лойиҳа муаллифи Рустамжон Аҳрорқулов, - Лойиҳада ўтмишдан то бугунга қадар ота-боболаримиз, устозу йўлбошчиларимиз, айниқса идеал шахс деб билган кишиларимиз томонидан кейинги авлод учун қолдирган нодир асарларни йиғиш, маънавий озуқа сифатида инновацион усуллар ёрдамида ёшларимизга тортиқ қилиш мақсад қилинган. Ҳар бир инсонинг касбу коридан қатъий назар ёшлигидан тасаввурида ўзи севадиган идеал шахси ё ҳавас қиладиган кишиси бўлади. У мухлис ўлароқ унга ўхшашга интилади, ўз навбатида албатта ундан дастхат ва тилаклар ёзилган китоб олишни хоҳлайди, табиийки ушбу китоб қайси мавзу ё йўналишда ёзилган бўлмасин уни китобни ўқишга ундайди. Лойиҳа биз билмаган лекин бизга мухлис бўлган инсонларни ҳаёт йўлини топиши, ўз олдига қўйган мақсадига эришиши учун туртки бўлади, деб ўйлайман. Чунки ҳаётда ҳаммага ҳам ўз қаҳрамони деб билган идеал шахси билан учрашиш бахти насиб этмайди. “Биз билмаган мухлислар” лойиҳаси айнан мана шу ўринда мухлисга мақсад сари интилишига ўзига хос умид бағишлайди. Лойиҳа номи ҳам шундан келиб чиққан.

Китоблар ва уларга қўйилган дастхатларни кузатар эканмиз ушбу ҳудудда сартарош бўлиб ишлайдиган Абдуманнон ака томонидан ёш китобхонларга атаб дастхат ва тилак ёзилган “Низомий Ганжавий”нинг шеърий тўпламига кўзимиз тушди. Лойиҳанинг мақсадига энди тушунгандек бўлдик — мақсад фақат китоб ёзган муаллифлар томонидан дастхат қўйилган китобларни йиғиш эмас, балким ҳар қандай иш ё лавозимда ишлашидан қатъий назар кейинги авлод келажаги ҳақида қайғурадиган одамлар томонидан ушбу масканга китоб ҳадя қилиш мумкин экан.

- Биргина уста Абдуманнон аканинг мисолида у кишининг лойиҳа иштирокчисига айланиш жараёнида ўзи китоб танлаб, аввал китобнинг мазмуни билан танишиб, ёш китобхонларга атаб тилак ёзиб, дастхат қўйиш пайтида ўзларига нечоғлик масъулиятли бўлганини айтиб берганида, мен лойиҳамни иштирокчига  яна бир  таъсирли томони борлигини англадим, - дейди Рустамжон.

“Биз билмаган мухлислар” лойиҳаси ҳар бир бўлғуси лойиҳа иштирокчисини китобга тилак ёзиб, дастхат қўйиш орқали яна бир бор масъулият сари етаклайди.

- Ҳақиқатда ҳам кундалик ҳаётимизда бирон бир ҳужжатга қўл қўяр эканмиз олдин синчковлик билан нимага, нима учун деган саволларга жавоб топиб кейин қўл қўямиз. Лойиҳанинг ушбу ўхшашлиги иштирокчини сергакликка етаклайди деб биламан, - дейди лойиҳа муаллифи.

Жорий йилнинг 15-16 апрель кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида, ўтказилган фаоллар йиғилишида давлатимиз раҳбари томонидан вилоятда ёшлар билан ишлаш борасида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар юзасидан аниқ кўрсатмалар бериб ўтган эди.

Шу муносабат билан Самарқанд шаҳридаги Ёшлар марказида Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев ҳамда Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаевнинг самарқандлик ёшлар билан очиқ мулоқоти ташкил қилинди. Учрашувда туман ва шаҳарлардан ташриф буюрган ташаббускор ёшлар қаторида Рустамжон Аҳрорқулов ҳам иштирок этиб, ўз лойиҳаси ҳақида гапириб берди ҳамда ўзининг кутубхонаси учун Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев томонидан дастхат ва тилак ёзилган китобларга эга бўлди.

“Халқ сўзи”

2015-2024 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM