Туманда 700 гектар интенсив боғ яратилади

Мева-сабзавот маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш, сақлаш ва экспорт ҳажмини ошириш учун нима ишлар қилиниши керак? Бугун жаҳон бозорида қандай маҳсулотларга талаб ортмоқда? Аҳоли даромадини ошириш борасида бажарилаётган ишлар самара бераяптими?

Қўштамғали маҳалласида ўтказилган семинарда ана шу масалалар муҳокама қилинди.

Унда деҳқон ва фермер хўжалиги раислари, ММТП раҳбарлари ва соҳага алоқадор корхона-ташкилот мутахассислари иштирок этди.

Туманда 1250 гектар интенсив боғ мавжуд. Шунингдек, шпаллер усулида 1100 гектар тозкор қилинган. Бугунги кунга қадар мазкур боғларда 6171,5 тонна олма, 1707,5 тонна узум ва бошқа мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирилди. Аммо бу рақамларни кўнгилдагидек, деб бўлмайди. Афсуски, ғалладан қисқарган ва бўш турган ерлардан самарали фойдалана олмаяпмиз. Қишлоқ хўжалиги соҳасини, жумладан, мевачиликни жадал ривожлантириш, ҳосилдорлигини ошириш, энг муҳими, маҳсулот сифатини яхшилашга алоҳида эътибор қаратиш лозим, дея таъкидлади туман ҳокими Н.Мавлонов.

Шунинг учун туман ҳудудидан ўтган катта йўл ёқасида жойлашган фермер хўжаликлари ва уларга туташ эски боғ, токзорларнинг ўрнига замонавий технологиялар асосида 700 гектар интенсив боғлар яратиш кўзда тутилмоқда. Бу борада аниқ лойиҳалар ҳам ишлаб чиқилган. Ҳар бир контурни соҳа мутахассислари билан ўрганган ҳолда олма ёки сабзавот маҳсулотлари экиш режалаштирилган. Пировардида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, етиштирилган маҳсулотларни экспорт қилиш, аҳоли даромадини оширишга эришилади.

Семинарда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди, таклиф ва тавсиялар билдирилди.

 

2015-2024 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM