Туман ҳокимлигида семинар ташкил этилди

Туман ҳокимлигида туман ҳудудида жойлашган округ ва участка сайлов комиссиялари ҳамда маҳалла раислари учун семинар ташкил этилди.

Семинарда туман ҳокими ва сектор раҳбарлари жорий йилнинг 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларга юқори савияда тайёргарлик кўриш, сайлов жараёнларини қонун дориасида ўтказиш билан боғлиқ масалалар хусусида сўз юритди.

Таъкидланганидек, бўлажак сайлов аввалгиларидан тубдан фарқ қилиши кутилмоқда. Боиси жорий йилнинг 25 июнь куни тасдиқланган Сайлов кодексида сайловларга доир кўплаб янгиликлар киритилди. Жумладан, мавжуд сиёсий партиялар ваколатли вакилларининг ҳуқуқлари кенгайтирилди. Унга кўра, эндиликда ваколатли вакил сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда, сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди. Кузатувчиларнинг, сиёсий партиялар ваколатли вакилларининг, оммавий ахборот воситалари вакилларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам аниқ белгилаб берилди. Эндиликда Қонунчилик палатасига ва маҳаллий кенгашларга сайлов бир вақтда ўтказиладиган тақдирда, ягона сайлов участкаларини тузиш назарда тутилди. Бундан ташқари, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этган шахсларнинг сайловда иштирок этишини чекловчи нормалардан воз кечилди. Бу ҳам фуқароларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасидаги ижобий ишлар саналади.

Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, сайлов жараёнлари ва уларга тайёргарлик кўриш билан боғлиқ барча тадбирларда фаол бўлиш муҳим аҳамиятга эга.

Айни кунларда эса сайлов жараёнларида бажарилиши лозим бўлган ишлар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинмоқда. Шунингдек, сайловга оид барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти ҳақида участка сайлов комиссиялари раисларига батафсил маълумотлар берилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Семинар давомида сайлов участкаларида учрайдиган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди, таклифлар ишлаб чиқилди.

2015-2024 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM