Самарқанд туманида Давлат хизматлари марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди

 

Ўтиб бораётган 2019 йилда Самарқанд туманида кўплаб қурилиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Бунинг ижобий самараси ўлароқ, кўплаб замонавий бино ҳамда иншоотлар ўз фаолиятини бошлади. Янги йил арафасида эса туман аҳолиси учун яна бир байрам совғаси сифатида туман Давлат хизматлари марказининг барча қулайликларга эга биноси фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан бўлиб ўтган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, соҳа ходимлари, нуронийлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбирда Самарқанд тумани ҳокими Н.Мавлонов, Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи М.Қурбонов президентимиз томонидан илгари сурилган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак!”, деган эзгу ғоя одамларнинг бугунги ҳаётидан рози бўлиб яшашида муҳим омил бўлаётганини алоҳида таъкидлади.

Туманда 230 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, - дейди туман давлат хизматлари маркази бошлиғи Савлат Салоҳиддинов. - Марказ бир вақтнинг ўзида 24 та қабул ойнасида мурожаатчиларни кўриб чиқади. Бунёд этилган бинода бугун аҳолига 120 дан хизматлар кўрсатиши йўлга қўйилган. Марказ ходимлари ва мурожаатчилар учун барча шароит яратилган. Марказда замонавий дизайн асосидаги кутиш зали, хизмат кўрсатиш хоналари мижозлар хизматида. Бу ерда хорижий инвесторлар учун ҳам қулайликлар яратилган бўлиб, музокаралар ўтказиш учун алоҳида зал ҳам барпо этилган.

Электрон навбат олиш учун инфокиоск ишлаб турибди. Мониторлар орқали эса навбатингиз келгани ҳақида хабар қайси қабул ойнасига ўтиш кераклиги кўрсатади.

Янада қулайлик яратиш мақсадида бу ерда болалар ўйингоҳи, давлат божини тўлаш учун махсус касса ҳам ишлаб турипди. Ташриф буюрувчилар бепул WiFi дан фойдаланиш имконига эга.

Шунингдек, иншоотда адлия ва ФҲДЁ бўлимлари, нотариус ва Бош вазирнинг тадбиркорлар қабулхонаси жойлашганлиги фуқароларга қўлайликлар яратиб, уларнинг оғирини енгил, узоғини эса яқин қилиши ва энг асосийси, аҳолининг ортиқча оворагарчиликларини олдини олади. Бинода кафе, тиббиёт хонаси ҳам мавжуд.

 

2015-2024 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM