Томорқадан унумли фойдаланган одам камбағал бўлмайди

Бу Қуйи Туркман маҳалласида яшовчи Пўлат Облоқуловнинг шиорига айланган.

-  Ўзим ошпазлик билан шуғулланаман, - дейди Пўлат ака. – Бўш вақтларим томорқада ўтади. 6 сотих томорқамизнинг 2 сотихида иссиқхона ташкил этганмиз. Ушбу иссиқхонага лимон кўчатлари экдим. Бу йилги ҳосили ҳам яхши. Йилига ўртача 18-20 миллион сўмлик маҳсулот сотамиз. Бу ҳам оиламиз учун қўшимча даромад.

Пўлат ака ана шундай омилкор томорқачилардан бири. Эрта баҳорда иссиқхонадаги ҳосил – лимон ҳам пишиб етилиш арафасида. Жорий йилда ҳам яхшигина даромад қилишни мўлжаллаб турибди.

Қуйи Туркман маҳалла фуқаролар йиғинида 660 хонадонда 3800 дан ортиқ аҳоли яшайди. Маҳалладаги аксариат оила ўз томорқасига эга. Қишлоқ аҳли баҳори мавсумда томорқасида асосан сабзавот экинлари экиб, айни пайтда ҳосилни йиғиштириб олишга тараддуд кўрмоқда. Бир неча хонадонда эса иссиқхоналарда йил давомида маҳсулот етиштирилиб, оила доимий даромад манбаига эга бўлмоқда.

Туман ҳокими Н.Мавлонов, сектор раҳбарлари ва соҳа мутахассислари ушбу маҳалла аҳолисининг томорқадан фойдаланиш маданиятини ўрганди. Мутасаддилар уйма-уй юриш орқали томорқалардан унумли фойдаланиш бўйича тавсиялар берди. Аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиб, уларни қийнаётган муаммо ва камчиликларни ўрганди, таклифларни эшитди.

Ҳоким аҳоли томорқасида иссиқхоналар ташкил этишни кўпайтириш, “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида маҳаллаларда томорқа эгаларини маълум бир қишлоқ хўжалик экинлари етиштиришга ўргатиш, хусусан, иссиқхоналарда помидор, бодринг, булғор қалампири ва кўкатлар етиштириш самара беришини қайд этди.

-  Томорқадан фойдаланишда юқори самарадорликка эришиш учун яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратиш керак, - деди ҳоким. – Бу албатта, экин парвариши учун қўлланиладиган замонавий усуллар. Бунинг учун керак бўлса банклар томонидан кредитлар ажратилади. Шу билан бирга оиладаги даромадни оширишда ҳар бир фуқаро астойдил меҳнат қилиш зарур.

2015-2024 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM