42 миллион сўм алимент пули олдиндан тўлаб берилди

Фуқаролик ишлари бўйича Тойлоқ туманлараро судининг 2018 йил 8 октябрдаги қарори билан Самарқанд туманида яшовчи фуқаро Б.Жалиловга икки нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириб бориш белгиланиб, мажбурий ижро бюроси Самарқанд туман бўлими томонидан ижро иши юритилган. Шу вақтга қадар фуқаро Б.Жалилов алимент тўловларини истаб-истамасдан, фақат МИБ туман бўлими ходимларининг талаби ва аралашуви билан тўлаб келаётган эди.

Бугуни кунда коронавирус пандемиясининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган карантин ва қисман чеклов чоралари шароитида муқим даромади бўлмаган, кам таъминланган ва ижтимоий ҳисояга муҳтож аҳолини  қўллаб-қувватлаш нақадар муҳим эканлигини инобатга олган ҳолда бюронинг туман бўлими ходимлари томонидан кенг қамровли тушунтириш ва профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу жумладан, қарздор Б.Жалилов билан атрофлича суҳбат ва тушунтириш ишлари ўтказиб,  бугунги синов кунларида фарзандларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳар бир эркакнинг оталик бурчи эканини тушунтирилди. Бундай маслаҳат ва суҳбатдан ўзига тўғри хулоса чиқарган Б.Жалилов шу куни фарзандлари вояга етгунига қадар бўлган 42 миллион 927 минг сўм пулни олдиндан тўлаб берди.

– Алимент пулининг олдиндан тўлаб берилганидан собиқ турмуш ўртоғи ҳам жуда мамнун бўлди, – дейди Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси бўлим ходими. – Эндиликда бу маблағни тежаб, фарзандларининг таълим-тарбияси, озиқ-овқати ва бошқа бирламчи эҳтиёжлари учун сарфлашини айтди. Эл бошига иш тушган бир пайтда отанинг меҳр берганидан фарзандларининг ҳам ўксик кўнгли тоғдек ўсгандек бўлди.

Мажбурий ижро бюроси

Самарқанд вилоят бошқармаси.

2015-2024 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM