ХАЛҚ ТАЪЛИМИДА ЎҚУВ ЙИЛИ ҚАНДАЙ ЯКУНЛАНАДИ?

Бугун ушбу савол доирасидаги фикрлар кўпчилигимизда йиғилиб қолгани табиий. Негаки, юртимиздаги карантин шароитида бошқа соҳалар қатори халқ таълими соҳасида ҳам кутилмаган ўзига хос янгиликлар, туб бурилишлар рўй берди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу синовли даврда Халқ таълими вазирлиги ва бошқа қатор ҳамкор давлат идоралари билан ҳамкорликда “Оnline-maktab” лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилганлиги тизимда эришилган ҳақиқий ютуқ бўлди. Пандемия шароитида вазирлигимиз раҳбарияти ҳамда педагогларимизнинг фидойилиги сабабли ўқувчиларимиз таълим-тарбиясининг узлуксиз давом этишига эришилди. Айрим ҳудудларда интернетнинг йўқлиги ёки тезлигининг пастлиги баҳона қилиниб, баъзи фуқароларнинг онлайн дарсларни кузата олмаётгани ўринсиз. Негаки, бугун рақамли телевидение кириб бормаган ҳудуд, хонадон қолмади. Ушбу телевизион дарслар 3 та: “Nat Geo Wild” (1-4-синф), “Euro sport” (5-8-синф) “Охота и рыбалка” (9-11-синф) телеканаллари орқали душанбадан-шанбага қадар соат 8:30 дан бошлаб камида 4 маротабагача эфирга узатила бошланди. Бу ҳеч қандай интернет ёки маблағ талаб этмаслигини қайд этиш лозим. Масофадан фаолиятини давом эттираётган ўқитувчилар учун Uzmobile, Mobiuz ҳамда Usell алоқа кампаниялари томонидан имтиёзли таъриф режалари, интернет трафиклари ва бепул дақиқалар тақдим этилди.

Карантин даврида ўқувчиларнинг уйда, ота-оналар назорати остида қолганлиги ота-она фарзандининг билим даражаси, таълим-тарбиясининг ҳақиқий ҳолатидан кўпроқ хабардор бўлишига замин яратди. Баъзи ҳолатларда ота-оналар ўқитувчининг матонати, меҳнати қадр-қимматини ҳис этишди, десак хато бўлмайди.

Карантиндан кейин ҳам “Оnline-maktab” лойиҳаси тўхтаб қолмаслигини алоҳида таъкидлаш лозим. Яқинда Президентимиз Шавкат Мирзиёев пандемия шароитида ўқув жараёнларини ташкил этиш масалалари бўйича таълим соҳаси масъул раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказди. Унда берилган муҳим топшириқлардан келиб чиққан ҳолда Халқ таълими вазирлиги Республика таълим маркази билан биргаликда “Оnline-maktab” лойиҳасини янада ривожлантириш, лойиҳа доирасида ўқувчиларнинг таътилдаги бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида телевидение орқали “Оnline-to‘garak” лойиҳаси амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.

Шу ўринда, ўқувчи ва ота-оналарни қизиқтириб келаётган бугунги кунимизнинг муҳим масалаларига ҳам тўхталиб ўтсак. Жумладан, ўқув йилининг якунланиши бўйича.

Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, халқ таълими тизимидаги ташкилот ва муассасаларида 2019-2020 ўқув йили “online-maktab” лойиҳаси доирасида ташкил этилган масофавий телевизион видеодарслар орқали якунланади.

Имтиҳонларга келсак, Республика комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва тегишли давлат ташкилотлари 5-11-синф ўқувчилари учун босқичли назорат ва якуний давлат имтиҳонларини ўтказиш йўлларини ёки бекор қилиш масаласини муҳокама қилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Махсус ҳукумат комиссиясининг бу масаладаги қарорини ўзнинг расмий телеграмм (t.me/uzedu) канали орқали маълум қилади.

Айни пайтга қадар ўқувчиларга қулайлик яратиш мақсадида уларнинг имтиҳонларга тайёргарлик кўриб, ўз устида ишлашлари учун вилоят халқ таълими бошқармасининг телеграммдаги https://t.me/samarqandvxtb расмий канали орқали Халқ таълими вазирлиги ва Республика таълим маркази томонидан тавсия этилган 5-11-синф ўқувчилари учун босқичли назорат ва якуний давлат имтиҳонлари материаллари жойлаштирилди. Ўқувчиларимиз босқичли назорат ва якуний давлат имтиҳонлари ўтказилиши ёки ўтказилмаслигидан қатъий назар билимини ошириб, ўз устида ишлаб боришса мақсадга мувофиқ бўлади.

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 4-9 январь кунлари фан олимпиадасининг туман ва шаҳар босқичлари ўтказилганди. Олимпиаданинг учинчи, яъни вилоят босқичи март ойида ўтказилиши режалаштирилган эди. Бироқ карантин туфайли ушбу синовлар ҳам қолдирилди. Бу борада бўлаётган кўплаб мурожаатлардан келиб чиққан ҳолда айтишимиз мумкинки, фан олимпиадасининг III (вилоят) босқичини ўтказиш бўйича барча тайёргарликлар кўрилган. Юртимизда жорий қилинган карантин тартиби бекор қилингач, Республика махсус комиссияси томонидан оммавий тадбирлар ўтказишга рухсат берилгандан тақдирда, олимпиаданинг мазкур босқичи ўтказилиши ёки ўтказилмаслиги мумкин. Олимпиада ўтказилиши режалаштирилган ҳолатда ўтказиш вақти бўйича яна қўшимча маълумот берилади. Олимпиада ўтказилиши вазиятдан келиб чиқиб бекор қилинса, иштирокчиларга имтиёзлар берилмайди.

2019/2020 ўқув йилида умумтаълим мактабларимизнинг 11-синфларини 53589 нафар ўқувчимиз битиради. Бугун уларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга киришларини қўллаб-қувватлаш мақсадида карантин шароитидан келиб чиққан ҳолда Давлат тест маркази томонидан қатор имтиёзлар яратилганини эслатиб ўтиш лозим. Марказнинг тест топшириқлари очиқлигини таъминлаш мақсадида ташкил этган e-Sinov тизим орқали абитуриентлар ҳар бир фан бўйича бепул “Тест топшириқлари тўплами 2019” амалий қўлланмаларида нашр этилган тест топшириқлари тўпламларидан шакллантирилган вариантни ечиб, ўз билимларини синаб кўришлари мумкин. Бундан ташқари, “Ma’rifat” газетасининг жорий йил 20 май сонидан бошлаб ДТМ билан ҳамкорликда апробациядан ўтган тест саволларининг эълон қилиниб борилиши режалаштирилаётгани ҳам бўлғуси талабаларимиз учун ҳам кенг имкониятдир.

Яна бир муҳим масала. Ёзги таътил даврида умумтаълим муассасаларида фаолият кўрсатиб келаётган ўқитувчиларнинг билим ва кўникмаларини синовдан ўтказишга алоҳида эътибор қаратилади. 2019 йилда тажриба тариқасида Сирдарё вилоятида ДТМ базаси асосида ўқитувчилар орасида тест синови ўтказилганидек, ушбу тест-синовлари 2020-2021 йилларда барча ҳудудларда, шу жумладан, Самарқанд вилоятида ҳам ўтказилиши режалаштирилган.

    Шу боис умумтаълим мактабларининг фан ўқитувчилари ёз мавсуми даврида онлайн тарзда Давлат тест марказининг e-sinov тизими орқали ўз билимларини синаб ва мустаҳкамлаб боришлари тавсия этилади.

Саидаҳмад Усмонов,

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи

2015-2024 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM