Бугундан бошлаб:   Тошкент шаҳридан Нукус, Урганч, Термиз шаҳарларига авиақатновлар (бориш ва қайтиш) тикланади; 

 Тошкент шаҳридан Навоий, Бухоро, Қарши шаҳарларига “Афросиёб” тезюрар поезди ҳамда Фарғона водийсига темир йўл қатнови (бориш ва қайтиш) қайта йўлга қўйилади.

Бунда авиа ва темир йўл қатновларини ташкил этишда барча карантин қоидаларига амал қилиш, шу жумладан, йўловчилар сонини камайтириш, дезинфекция қилиш ва бошқа санитария талаблари сўзсиз бажарилиши талаб этилади.

 Эслатиб ўтамиз, Республика махсус комиссияси томонидан Карантин даврида маҳаллий йўналишларда авиа ва темир йўл қатновларини йўлга қўйишнинг Вақтинчалик тартиби тасдиқланган.

 Мазкур Вақтинчалик тартиб талабларини бузиш эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.

 Шунингдек, шахсий автомобилларда қуйидаги тартибда ҳаракатланиш мумкин:

 “яшил” тоифадаги ҳудудларда – Республика махсус комиссияси йиғилишининг 2020 йил 6 майдаги 21-сон баёни билан автотранспорт воситаларининг махсус рухсатномасиз (стикерсиз) ҳаракатланишига рухсат берилган;

 “сариқ” тоифадаги ҳудудларда –  соат 06.00дан – 22.00 га қадар бўлган вақт оралиғида автотранспорт воситалари махсус рухсатномасиз (стикерсиз) ҳаракатланиши мумкин. Бунда автотранспорт воситаларининг салонида 4 кишидан ортиқ бўлмаслиги лозим;

 “қизил” тоифадаги ҳудудларда –  автотранспорт воситалари махсус рухсатномасиз (стикерсиз) фақатгина куннинг муайян вақтида (07.00 дан – 10.00 гача, 17.00 дан – 20.00 гача) фуқароларнинг иш жойига бориб-келиши, тиббий буюмлар, дори воситалари, озиқ-овқат ва биринчи галдаги маҳсулотларни харид қилиш учун ҳаракатланиши мумкин.

huquqiyaxborot

2015-2024 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM