15 нафар аёлга тикув машинаси берилди

 

Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш борасида вилоятдаги шаҳар ва туманлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, вилоят ҳокими томонидан аниқ мақсадли чора-тадбирлар дастури тасдқланган. Мазкур дастур доирасида Самарқанд туманида кам таъминланган, ногирон, боқувчисини йўқотган хотин-қизларга амалий кўмак берилмоқда.

Туман ҳокимлигида ўтказилган тадбирда аёлларга тикув машиналари ва қурилиш материаллари топширилди. Унда туман ҳокими ва сектор раҳбарлари, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси, Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлари хотин-қизларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аёлларни ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила ва жамият ҳаётидаги нуфузини ошириш борасида  тизимли ишлар йўлга қўйилганлигини алоҳида таъкидлашди.

 

Туманимизда 2250 та эҳтиёжманд оила, оғир турмуш шароитида яшаётган фуқароларимиз бор, - дейди туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича биринчи ўринбосари Зулфия Рафиева. – Уларни қўллаб-қувватлаш, ана шу оилалар вакиллари бандлигини таъминлаш, даромад топишларига кўмаклашишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга тиббий ва моддий ёрдамлар кўрсатилди. Дори-дармон воситалари билан таъминланди. Аксарияти ишга жойлаштирилди. Кўплаб оилаларга имтиёзли кредитлар ажратилди. Улар турли йўналишларда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди. Олиб борилган ишлар самараси ўлароқ 232 та оила камбағаллик рўйхатидан чиқарилди. Шу орқали эҳтиёжманд оилаларнинг даромад манбаи шакллантирилмоқда.

Тадбир давомида туман ҳокимлиги, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши, Халқ қабулхонаси ҳамкорлигида тумандаги эҳтиёжманд, оилавий тадбиркорлик, тикувчилик билан шуғулланиш истагини билдирган 15 нафар хотин-қизларга тикув машиналари топширилди. Шунингдек, тумандаги оилавий шароити оғир 7 нафар аёлнинг уй-жойларини таъмирлаш учун қурилиш материаллари ҳам берилди.

Икки нафар ўғлим, бир нафар қизим бор, - дейди Пулимуғоб маҳалласида яшовчи Дилшода Мўминова. – Турмуш ўртоғим иккинчи гуруҳ ногирони. 4 сотих томорқамизда сабзавот экинларини етиштириб рўзғор тебратамиз. Туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ходимлари оилавий шароитимизни ўрганишганда тикув машинасига эътиёжимиз борлигини айтгандим. Бугун ана шу тикув машинасига эга бўлдим. Бундан қувончим чексиз. Энди қизим тикувчилик билан шуғулланади. Бу ҳам оилага қўшимча даромад дегани.

Бу каби ишлар давом эттирилмоқда.

2015-2024 © Самарқанд туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM